Кореялик сайёҳлар оқими Бухорода ҳам ортиб бормоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши натижасида юртимизга ташриф буюраётган кореялик сайёҳлар сони ортиб бормоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга Жанубий Кореядан 26 минг 500 нафар сайёҳ ташриф буюрди. Мазкур мамлакат узоқ масофали туризм бозорлари орасида сайёҳлар оқими бўйича учинчи ўринни қайд этди.
Кореялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши Бухоро вилоятида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Қадимий шаҳарнинг бой тарихи, Буюк Ипак йўли мероси, бетакрор меъморий обидалари ва миллий маданияти хорижлик сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Жорий йил сентябрь ойига қадар Бухоро вилоятига Жанубий Кореядан 4 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди.
[gallery-31524]
Сайёҳлар оқимининг ортиши вилоятда туризм хизматларини Корея бозори эҳтиёжларига мослаштиришга ҳам эътиборни кучайтирмоқда. Хусусан, корейс тилидаги ахборот ва хизматларни кенгайтириш, махсус туристик пакетлар ишлаб чиқиш, корейс тилини биладиган гидлар фаолиятини ривожлантиришга устувор вазифалар сифатида қаралмоқда.
Шунингдек, Бухоронинг тарихий-маданий, гастрономик ва зиёрат туризми имкониятларини Жанубий Корея бозорида кенг тарғиб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА