Бугундан мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича касбий ва ижодий имтиҳонлар бошланди.
Андижон давлат университетида алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишлар кундузги таълим шакли бўйича 81 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Имтиҳонлар икки сменада ташкил этилиши белгиланган. Айни кунда учта – футбол, бадиий гимнастика ва ранг-тасвир таълим йўналиши бўйича ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда.
[gallery-18151]
– Имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтиши Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ишчи гуруҳи аъзолари, масъуллар, шунингдек, жамоатчилик вакиллари томонидан назорат қилиб борилмоқда, – дейди Андижон давлат университети проректори Мадаминжон Маҳкамов. – Бундан ташқари, кутиш залига катта ҳажмдаги монитор ўрнатилган, жараёнларни онлайн кузатиш тизими йўлга қўйилган. Яъни, абитуриентларнинг ота-оналари, умуман, барча хоҳловчилар имтиҳон жараёнларини live.adu.uz платформаси орқали бевосита кузатиб бориши мумкин.
Ижодий имтиҳонлар икки сменада, яъни биринчи смена – 8.00 дан 12.00 гача, иккинчи смена 14.00 дан 18.00 гача ўтказилиши белгиланган.
Касбий, ижодий имтиҳонларни ўтказишга малакали мутахассислар, шу билан бирга, абитуриентларнинг соғлигини назорат қилиш, имтиҳонлар жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар ходимлари жалб этилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.