Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон давлат техника институтида dual таълим тизими самарали йўлга қўйилмоқда

Андижон давлат техника институтида мингдан ортиқ талабалар 30 дан ортиқ йирик корхона ва ташкилотларда dual таълим тизими асосида таҳсил олмоқда. Ушбу тизим назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, амалиёт орқали билим сифатини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда таълим сифатини юксалтириш, ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга ўргатиш, шу орқали иқтисодиёт соҳалари учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда dual таълим тизими назарий билим ва иш амалиётини уйғунлаштирувчи замонавий услуб сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш бўйича топшириқлари ижроси доирасида институтда ҳам бу йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда талабалар 30 дан ортиқ йирик корхона ва ташкилотларда, жумладан, “OʻzAuto Austem” МЧЖда ҳам назарий дарсларни ўзлаштириш билан бирга ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда.

Dual таълим тизими талабаларга назарий билимни реал иш муҳитида синовдан ўтказиш имконини беради. Масалан, “OʻzAuto Austem” МЧЖда талабалар замонавий роботлаштирилган линияларда амалиёт ўтаётгани, мутахассис устозлар раҳбарлигида деталларни ишлаб чиқариш, сифат назорати, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш каби кўникмаларга эга бўлишлари билан ажралиб туради.

Бу жараён нафақат талабалар, балки корхоналар учун ҳам манфаатлидир. Амалиётдан ўтган ёшлар кейинчалик тайёр кадр сифатида ишга қабул қилиниши мумкин. Шу тариқа меҳнат бозорида тажрибали ва ишбилармон мутахассислар қатлами шаклланмоқда.

Институт раҳбариятининг таъкидлашича, dual таълим тизими меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб ташкил этилади. Бу орқали иш берувчилар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади ва иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрланади.

Талабалар ҳар ҳафта белгиланган режа асосида назарий дарсларни институтда, амалий машғулотларни эса ишлаб чиқаришда ўтамоқда. Шу тариқа улар диплом билан бир қаторда иш тажрибасига ҳам эга бўлмоқда.

[gallery-26054]

– Dual таълим тизими бизга касбий кўникмаларни тезроқ эгаллаш, иш муҳитига мослашиш имконини берди, – дейди институтнинг “Машинасозлик технологияси” йўналиши талабаси Дилшодбек Юсупов. – Бу ерда нафақат ишлашни, балки жамоада мулоқот қилиш ва масъулиятни ҳис этишни ҳам ўрганяпмиз. 

Ушбу тизим таълим сифатини юксалтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва ишлаб чиқаришда инновацион фикрлайдиган мутахассислар тайёрлашда муҳим омилга айланмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА