Америкалик сайёҳлар орасида Ўзбекистонга қизиқиш ортган
Мамлакатимиз — бой тарих, бетакрор меъморчилик ва гўзал табиат уйғунлашган, саёҳат қилиш учун ўзига хос мамлакат. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар, тоғлару сўлим масканлар ҳар бир сайёҳга турлича таассурот улашади.
Нуфузли “Much Better Adventures” халқаро саёҳат платформаси экспертлари 2026 йилда якка саёҳат қилиш учун дунёдаги энг яхши йўналишлар рейтингини эълон қилди. АҚШнинг етакчи саёҳат платформаси Ўзбекистонни якка саёҳат учун энг яхши йўналишлар топ бешталигига киритди. Қайд этилишича, “Solo Travel Index 2026” рейтингида дунё бўйлаб жами 26 та давлат ўрганилган. Ўзбекистон кучли бешталик учун танланган ва дунёнинг энг машҳур туристик мамлакатлари — Италия, Япония ва Португалия билан бир қаторда тилга олинган.
Рейтингни тузишда экспертлар брон қилиш тенденциялари, сайёҳлар таассуротлари, Тинчлик ва хавфсизлик индекси, виза олиш қулайлиги, овқатланиш харажатлари ҳамда биохилма-хиллик кўрсаткичларини ҳисобга олган. “Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилганидан сўнг америкалик сайёҳлар орасида қизиқиш ортиб бораётган Буюк Ипак йўлининг ноёб манзилларидан бирига айланмоқда. Мамлакатнинг бой тарихи, бетакрор табиати ва сайёҳлар учун шаклланган инфратузилмаси уни саргузашт изловчилар учун жозибадор йўналишга айлантирмоқда”, дейилади “Much Better Adventures” маълумотида.
Шунингдек, унда сайёҳларнинг Нурота тоғларида қишлоқдан қишлоққа пиёда саёҳат қилиб, қадимий сўқмоқлардан ўтиш, маҳаллий аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш ва анъанавий ўтовларда тунаш имконига эга бўлиши, Қизилқум дашти орқали Айдаркўлга саёҳат қилиши эса саёҳатга янада ўзига хос таассурот қўшиши алоҳида таъкидланган.
Самарқанддаги Регистон, Бухоро ва бошқа қадимий шаҳарлар эса Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги бой тарихи ва буюк маданий меросини намоён этади. Энг муҳими, Ўзбекистон нафақат тарих ва саргузашт, балки ҳамёнбоп саёҳат йўналиши сифатида ҳам халқаро эътибор марказида. Мамлакат CN Traveler журнали томонидан дунёда саёҳат қилиш учун энг ҳамёнбоп йўналишлар қаторига киритилган” деб якунланган материал.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА