Замонавий жаҳон туризм бозори ва унда Ўзбекистоннинг тутган ўрни
Туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез суръатлар билан ривожланиб бораётган ва сердаромад соҳаларидан бирига айланиб бормоқда, унинг жаҳон бўйича ялпи ички маҳсулотдаги улуши 10 фоизни, жаҳон экспортининг 7 фоизини, хизматлар экспортининг 30 фоизини, яратилаётган ҳар 10 та иш жойининг 1 тасини ташкил қилмоқда. Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) томонидан берилган маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, халқаро туризм бозорида 2026 йилнинг биринчи чорагида халқаро туристларнинг давлатлар бўйлаб ташрифи икки фоизга ошган. Ушбу кўрсаткич Яқин Шарқдаги инқироз сабаб юзага келган салбий таъсирларга қарамай қайд этилган. 2026 йилнинг биринчи чорагида 307 миллион нафар турист халқаро саёҳатни амалга ошириб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 миллион нафарга кўпдир.
Дунёнинг энг йирик туризм минтақаси ҳисобланган Европага 2026 йилнинг биринчи чорагида 130 миллиондан ортиқ халқаро турист ташриф буюриб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга ошган.
Африкада ҳам халқаро ташрифлар сони биринчи чоракда 4 фоизга ошган. Хусусан, Шимолий Африкада туристлар оқими 4 фоизга кўпайган бўлса, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатларида ҳам шу даврда 4 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Осиё ва Тинч океани минтақасида биринчи чорак якунларига кўра 3 фоизлик ўсиш кузатилган. Бироқ айрим йўналишлардаги турлича натижалар туфайли бу кўрсаткич кутилганидан бироз паст бўлган. Америка қитъасида халқаро туристлар сони 2 фоизга ошиб, Марказий Америкада кучли ўсиш (+18 фоиз), Жанубий Америкада эса аксинча 1 фоизлик пасайиш қайд этилган. Яқин Шарқда эса можаро таъсири натижасида халқаро туристлар ташрифи кескин тушиб кетган.
БМТ Туризм ташкилотининг (World Tourizm Barometer) сўнгги таҳлилий маълумотларига кўра, юқори ўсиш қайд этилган давлатлар орасида Парагвай (+46 фоиз), Янги Каледония (+45 фоиз), Сальвадор (+43 фоиз), Монголия (+39 фоиз), Палау (+37 фоиз), Ўзбекистон (+37 фоиз), Тонга (+25 фоиз), Англия (+25 фоиз), Ирландия (+24 фоиз) ва Бруней (+23 фоиз) каби давлатлар ўрин олган. Энг қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси ҳам 2026 йилнинг дастлабки уч ойида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсиш қайд этилган ТОП-5 давлат қаторига кирган. Юқоридаги маълумотлардан жаҳон туризм бозорида рақобатнинг кучайиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.
Жаҳон туризмидаги бу ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда ҳам туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилишга, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширишга, хориждан келадиган сайёҳлар оқимини оширишга, бу борада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга катта эътибор қаратилмоқда.
Қолаверса, Янги Ўзбекистонни барпо этишда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида давлат томонидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш белгиланган. Бунда 2030 йилга келиб, мамлакатимизда туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга, туризм хизматлари экспортини 6 миллиард долларга, мамлакатимизга ташриф буюрадиган хорижий туристлар йиллик сонини 20 миллион нафарга етказиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ички сайёҳларнинг республика бўйлаб 25 миллионта сафарларини амалга ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига туризм кластерлари сонини 25 тага етказиш керак бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ушбу қарорга асосан ҳудудларда туризм инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, туризм соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш белгиланган. Бунда асосий мақсад қилиб, туризм ва унга ёндаш соҳаларда 24 мингта янги иш ўрни яратиш ҳамда 16 мингта иш ўринларини соядан чиқариш орқали 40 мингта иш ўрнини ташкил этиш, соҳани лойиҳавий бошқарув тизимига ўтказиш орқали 31 та туризм объектини ташкил этиш ва ривожлантириш, жойлаштириш воситалари сонини 8250 тага, улардаги хоналар сонини 95 мингтага, шундан меҳмонхоналар сонини 1380 тага ҳамда улардаги хоналар сонини 45 мингтага етказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда, Жумладан, Туризм қўмитаси раҳбарияти томонидан 2026-2030 йилларга мўлжалланган Туризмни ривожлантириш стратегияси ҳамда соҳани узоқ муддатли тараққий эттириш модели муҳокамасига бағишланган учрашувлар, тадбирлар ўтказилиб келинмоқда, унда тадбиркорлар, туризм ва меҳмонхона бизнеси вакиллари, илмий доира вакиллари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда, бунда мамлакатда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги мавжуд имкониятлар, долзарб муаммолар ва истиқболли таклифлар атрофлича муҳокама қилиниб, асосан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланмоқда. Тадбирларда қайд этилишича, давлат раҳбари томонидан туризм соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратилган.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг натижаларини таҳлил қиладиган бўлсак, Республикамизга 2026 йилнинг 6 ойи мобайнида жами 6,6 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 5,3 миллион нафарга нисбатан 1,3 миллион нафарга кўп бўлиб, 125 фоиз ўсиш суръати қайд этилган.
Қўшни давлатлардан ва МДҲ мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробар ошган бўлса, узоқ хориж давлатларидан ташриф буюрганлар 1,5 баробарга ошган.
Давлатлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Хитойдан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга (+148,5 минг), Малайзиядан 1,9 баробарга (+4,1 минг), Япониядан 1,6 баробарга (+6,9 минг), Россиядан 1,4 баробарга (+155 минг), АҚШ (+5,3 минг), Германия (+4,9 минг) ва Франциядан (+3,4 минг) 1,3 баробарга, Британиядан (+2,2 минг) 19 фоизга ва Туркиядан (+14,7 минг) 18 фоизга кўп сайёҳлар ташриф буюрган.
Мамлакатимизда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг ҳудудларга 13,455 миллион ташрифлари амалга оширилган.
2026 йилнинг январь ойининг биринчи декадаси ва март ойининг учинчи декадасида – “Ёшлар туризми ҳафталиги” тадбирлари ўтказилди.
Ҳудудларда 595 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 90 та меҳмонхона, 271 та оилавий меҳмон уйи, 159 та хостеллар ва 75 та бошқа жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилиб, жойлаштириш воситаларининг сони 7 364 тага, ўринлар сони 202,3 мингтага етган.
Ушбу даврда туристлар учун хизмат кўрсатувчи 379 та янги туристик ташкилот ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг сони 4 768 тани ташкил этмоқда.
Хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида 2026 йил давомида 6 та қишлоққа “туризм қишлоғи” мақоми берилган ва ҳозирда уларнинг умумий сони 48 тага етган.
Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, мамлакатимиз туристик йўналишларини глобал рақамли платформаларда фаол реклама қилиш ҳамда сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида етакчи хорижий медиа компаниялари ва интернет платформалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида АҚШнинг “Expedia Group” компанияси (130 миллионгача ойлик глобал фойдаланувчи), Испаниянинг “Amadeus” компанияси
(90 мингдан ортиқ туризм компаниялари ва агентликлари фойдаланувчилари), Хитойнинг “Trip.com” интернет платформаси (400 миллиондан ортиқ ойлик фаол фойдаланувчи) билан дастлабки келишувларга эришилган.
Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг туристик йўналишлари, маданий мероси ҳамда замонавий инфратузилмасини хорижий аудиторияга кенг таништириш мақсадида хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва таниқли блогерлар учун мамлакатимиз бўйлаб инфо ва пресс-турлар ташкил этилмоқда.
Умуман олганда мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг оқимини ошириш, миллий туризмни жаҳон туризм бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, туризм турларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикасига ташриф буюраётган сайёҳларнинг асосий қисми тарихий-маданий туризм, яъни тарихий шаҳарлар, обидалар, маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларга келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Тарихий-маданий туризмнинг тури мавсумийликка боғлиқлиги ҳамда ташриф буюраётган сайёҳларнинг асосий қисми нафақа ёшида эканлиги сабабли, ёшларни ҳам кенг жалб қилиш мақсадида туризмнинг бошқа турларини, яъни MICE, тиббий, таълим, соғломлаштириш, зиёрат, экологик, аграр, гастрономик, этнографик, тоғ туризми каби турларини ҳам ривожлантириш, шунингдек асосан ҳудудларда туризм соҳасини кенг ривожлантириш, сайёҳларнинг оқими паст ҳудудларда янги туризм кластерлари ва соғломлаштириш мажмуаларини ташкил этиш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш, соҳада илмий тадқиқотларни амалиётга жорий қилишнинг самарали механизмини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Алишер Эштаев,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
иқтисодиёт фанлари
доктори (DsC), профессор.