Актёрларсиз ишланган фантастик кино сарфланган харажатни ҳам қоплай олмади
Аниқроғи, сунъий интеллект ёрдамида яратилган илк тўлиқ метражли хитой фильми томошабинлар эътиборини қозона олмади.
«Саньсиндуй: келажак ва ўтмиш» номли фантастик фильм уч ҳафта давомида тахминан 270 минг доллар даромад келтирган. Бу эса уни ишлаб чиқаришга сарфланган маблағдан анча кам.
Тахминан 100 дақиқалик фильмда сунъий интеллект ва алгоритмлар назоратдан чиқиб, инсониятни ҳалокат ёқасига олиб келадиган дунё тасвирланган. Лойиҳани яратишда актёрлар ва анъанавий суратга олиш гуруҳи иштирок этмаган.
Хитойда сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган қисқа драмалар оммалашаётган бўлса-да, мазкур фильм томошабинларда кутилган таассуротни қолдирмади, дейилади “Naked sciense“ онлайн нашри хабарида. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фильмнинг сунъий кўриниши ва сюжетнинг парокандалигини танқид қилди.
Калифорния университети профессори Майкл Беррининг таъкидлашича, сунъий интеллект ёрдамида яратилган видеоларнинг оммалашуви ҳам фильмнинг омадсизлигига таъсир кўрсатган. Унинг фикрича, томошабинлар сунъий интеллект контентини кўпинча арзон, тез ва енгил тайёрланадиган ижод маҳсули сифатида қабул қилади. Кинотеатрда томошабинлар айнан инсон ижоди, меҳнати ва маҳорати акс этган асарларни кўришни истайди.
«Саньсиндуй» фильми ижтимоий тармоқлар билан бирга расмий нашрларнинг танқидига ҳам учраган.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА