Муносабат
2022 йил 18 март куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, бундай тадбир мамлакатимиз тарихида илк маротаба ўтказилди. Унда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилди.
“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳалқимиз учун тақдим қилинди ҳамда очиқ мулоқот жараёнида тиббиёт ходимларининг муносабат, ташаббус ва таклифлари бевосита давлат раҳбари томонидан эшитилди.
Мазкур мулоқотга қадар тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушганлиги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни танқидий-таҳлил тарзда очиқ-ойдин ютуқни-ютуқ, камчиликни-камчилик сифатида суҳбатлашиш пайти келганлигидан далолат беради. Шу боис ҳам давлат ўз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш, кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантириш, айнан халқпарвар давлатнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Келгуси беш йилда ҳам аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.
Хусусан, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 55-66 мақсадлари тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга бағишланган. 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 225 ва 244-бандлари тиббиёт соҳасида жорий амалга оширилиши белгиланган вазифаларни қамраб олади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган 5 йилда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди. Бироқ, шу билан бирга мазкур соҳада юксалиш учун тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам ўз ечимини кутиб турганлиги барчамизга аён.
Жумладан, ўтган йиллар мобайнида соҳада қуйидаги натижаларга эришилганлиги таъкидланди. Республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимга ўтиши, бирламчи тиббиёт бўғинини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартиришга киришиш, 2021 йилдан бошлаб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадаларнинг ташкил этилиши, 2021 йилдан бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлашнинг йўлга қўйилиши, аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимларининг қўшилиши, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий УЗИ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланиши, қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилиши, айниқса, эътиборли.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида одамлар тиббиёт тизимидан рози бўлиши учун 7 та устувор йўналишни белгилаб берди.
Биринчи йўналиш – бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш.
Иккинчи йўналиш – тез тиббий ёрдам тизими ривожлантириш.
Учинчи йўналиш – тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш.
Тўртинчи йўналиш – тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш.
Бешинчи йўналиш – соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш.
Олтинчи йўналиш – соғлом турмуш тарзи орқали, касалликнинг олдини олишга эътиборни кучайтириш.
Еттинчи йўналиш – касалликларни барвақт олдини олиш.
Шунингдек, давлат раҳбари ўз нутқида “Қишлоқ шифокори” дастурини янада такомиллаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, 2022 йил 1 майдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланиши, ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилиши, олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилиниши соҳага давлат тарафидан бўлаётган эътиборнинг юксак намунаси десак муболаға бўлмайди.
Президент маърузада оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20.00 гача узайтирилаши, уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланишига алоҳида тўхталиб ўтди.
Маъруза давомида 2022 йилнинг ўзида тиббиётга бюджетдан 24 триллион сўмга қўшимча 3,2 триллион сўм маблағ ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилиши таъкидланди.
Давлат раҳбари ўз нутқида соҳанинг барча жабҳаларига атрофлича тўхталиб ўтиб, янги ғоялар, инновациялар ва янгиликларни таклиф қилди. Хусусан, тиббиётда конституциявий асосларнинг кучайтирилиши, хусусий тиббиётга янги имтиёзлар берилиши, дорилар нархининг туширилиши, тез тиббий ёрдам ислоҳотлари, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақи, шифокорларнинг малака тоифалари, тиббиёт кластерлари, соғлом турмуш тарзи, тиббий суғурта тизими, шифокорларни лицензиялаш тизими, Соғлиқни сақлаш стратегияси масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Умуман, очиқ мулоқот шаклида ўтган янгича шаклдаги тадбир, тиббиёт соҳасидаги муаммо ва камчиликлар, устувор вазифалар ҳақида батафсил фикр алмашиш имконини берди. Кўплаб масалаларни ҳал этиш бўйича амалий ечимларни топиш учун хизмат қилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади”. Очиқ мулоқот соҳани тубдан ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос тиббиёт тизимини шакллантириш, аҳолига тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим бурилиш даврини бошлаб беради, десак асло муболаға бўлмайди.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бош мутахассиси.
ЎзА