Аҳолига ахборотни яқинроқ тарзда етказиш масалалари муҳокама қилинди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида туман ва шаҳарлар матбуот котиблари иштирокида ахборот сиёсати самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда ҳокимликлар ахборот хизматлари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш, аҳолига янгиликларни тезкор, ҳаққоний ва қизиқарли шаклда етказиш ҳамда жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама этилди. Йиғилиш давомида ахборот майдонида фаолликни ошириш, ижтимоий тармоқларда ҳокимликлар нуфузини мустаҳкамлаш ва аҳолининг ишончини янада орттириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Манучеҳр Мирзаев иштирок этди. У ўз чиқишида ахборот хизматлари олдида турган вазифаларни замон талаблари асосида ҳал қилиш лозимлигини таъкидлади.

– Матбуот котиби — бу ахборот тарқатувчи эмас, ижтимоий муносабатларни бошқарувчи шахс, – деди Манучеҳр Мирзаев. – Ҳокимнинг юзи — матбуот хизмати. Демак, котиб сўзда ҳам, ахборотда ҳам масъулиятни ҳис этиши керак. “Ҳокимнинг сўзи” — фақат расмий баёнот эмас, балки одамларни ишонтириш воситаси. Ҳар бир хабарда ўз ҳудудингизнинг қаҳрамонларини — фаол ёшлар, фермерлар, ўқитувчиларни кўрсатинг. Ёзганларингизда нафақат факт, балки ўз қарашларингиз ва воқеага бўлган муносабатларингиз ҳам акс этиши керак.
Йиғилишда таъкидланганидек, матбуот котиби шунчаки хабар жойловчи эмас, балки жамоатчилик фикрини шакллантирадиган, ишонч муҳитини яратадиган ва ҳокимият билан жамият ўртасида мулоқот кўприги вазифасини бажарадиган медиа-менежер ҳисобланади.

Шу боис, ҳар бир ҳокимликда ахборотни таҳлил қилиш, амалий натижаларни кўрсатиш ва танқидий масалаларда очиқ мулоқотни таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
2025 йил якунига қадар ҳар бир ҳокимлик ўз ахборот стратегияси ва контент-режасини ишлаб чиқиши лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардан жонли эфирлар, сўровномалар ва интерактив шакллар орқали аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш тавсия этилди.

Қолаверса, 2026 йилгача вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ижобий ахборот муҳитини шакллантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Йиғилиш якунида Сирдарё вилояти очиқ, фаол ва замонавий медиа майдонининг намунасига айланиши, барча даражадаги ахборот хизматлари бир мақсад йўлида ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири