Афғонистон ва Покистон кескинликни юмшатишга келишди
Афғонистон ва Покистон Хитойнинг Урумчи шаҳрида ўтказилган уч томонлама музокаралар якунида минтақавий кескинликни пасайтириш бўйича муҳим келишувга эришди.
ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нингнинг маълум қилишича, томонлар мавжуд ихтилофларни фақат мулоқот ва дипломатия орқали ҳал қилишга келишиб олди.
1–7-апрель кунлари бўлиб ўтган музокараларда ҳар уч мамлакатнинг дипломатик корпус ва мудофаа ҳамда хавфсизлик идораларидан иборат делегациялар иштирок этди. Норасмий мулоқотлар давомида томонлар минтақавий барқарорликка таҳдид солаётган масалаларни комплекс тарзда кўриб чиқдилар.
Музокаралар жараёнида Афғонистон ва Покистон вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган бир томонлама ҳаракатлардан тийилишга ваъда бериб, мавжуд ихтилофларни ҳал қилишда бевосита маслаҳатлашув ва дипломатик алоқаларни энг самарали йўл сифатида тан олишди.
Мао Нинг таъкидлашича, расмий Пекин нафақат музокара майдонини яратиш, балки минтақавий хавфсизлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашда фаол воситачи бўлишга доим тайёр.
Ф.Яхшибоева, ЎзА