Афғонистон ва Покистон норасмий музокара ўтказди
Истанбулда Афғонистон ва Покистон вакиллари хавфсизлик масаласи ва қуролли гуруҳларга қарши курашга қаратилган норасмий музокарани якунлади.
“Afghanistan International” нашри ёзишича, томонлар асосий масала, жумладан “Tehreek-e-Taliban Pakistan” (TTР) ва “Ислом давлати” бўйича келишувга эришган. Хусусан, муҳокама ТТР гуруҳини террор ташкилоти сифатида белгилаш ва “Ислом давлати”нинг Покистон ҳудудидаги мавжудлигини тан олишга қаратилган эди.
Бу мулоқот Афғонистон ҳукумати томонидан мамлакат делегациясига ташқи сиёсат масаласида ҳамкорлар билан музокара олиб бориш бўйича рухсат берилган илк тадбирдир.
Халқаро экспертлар таъкидлашича, 2007 йил Покистонда ташкил этилган ТТР ташкилотининг мақсади радикал шариат қонунига асосланган ислом давлати барпо этиш. Гуруҳ ҳарбий нишонлар ва фуқаролик манзилларига ҳужум қилиш ҳамда турли қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун жавобгар, деб ҳисобланади. 2018 йилдан ташкилотга 46 ёшли Нур Вали Маҳсуд раҳбарлик қилган.
С.Раҳимов, ЎзА