Афғонистон фармацевтика бозори Ўзбекистон учун қай даражада муҳим?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни давлатлар, айниқса, Афғонистон билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Бу жараёнда фармацевтика каби юқори технологик соҳада ҳам аниқ натижалар кўзга ташланмоқда. Қобул шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум ва қатор учрашувлар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бу борада қуйидагиларни гапириб берди:
— Қобул шаҳридаги ўтган бизнес-форум икки давлат фармацевтика бозори иштирокчилари учун очиқ мулоқот майдонини яратди. Форумда мамлакатимиздан 25 га яқин ишлаб чиқарувчи, Афғонистондан эса 200 га яқин йирик дистрибьютор компаниялар иштирок этди. Бу рақамларнинг ўзиёқ қизиқиш қанчалик юқори эканини кўрсатади. Энг муҳими, тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини йўлга қўйишга эришдик.
Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий, шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Мавлави Нур Жалол ҳамда Дори воситалари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти билан музокараларда асосий эътибор Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларининг Афғонистон бозорига киришидаги мавжуд техник тўсиқларни бартараф этишга қаратилди. Хусусан, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг узоқ давом этаётгани асосий муаммолардан бири эди.
Бу бўйича бир қатор аниқ ва амалий таклифларни бердик. Биринчи навбатда, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тизимини соддалаштириш ва тезлаштириш муҳим. Бу нафақат экспорт ҳажмини оширади, балки афғон истеъмолчиларига сифатли дори воситаларини тезроқ етказиб бериш имконини яратади.
Шунингдек, Ўзбекистон компанияларининг Афғонистондаги давлат тендерларида тўғридан-тўғри иштирокини таъминлаш масаласи ҳам кўтарилди. Бу экспорт салоҳиятини кескин оширишга хизмат қилади.
Албатта, биз ҳамкорликни фақат савдо билан чеклаб қўймоқчи эмасмиз. Асосий мақсад — узоқ муддатли саноат кооперациясини шакллантириш.
Биз афғонистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштиришда кўмаклашишга тайёрмиз. Бу эса ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Шу мақсадда қўшма техник ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдик. Ушбу гуруҳ стандартларни мувофиқлаштириш ва юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш билан шуғулланади.
Маълумотларга кўра, Афғонистон фармацевтика бозори ҳажми тахминан 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бу жуда катта ва истиқболли бозор.
Энг муҳими, Ўзбекистон бу бозорда фақат маҳсулот етказиб берувчи эмас, балки ишончли ишлаб чиқариш ҳамкорига айланиши мумкин. Шу боис, биз ишлаб чиқариш кооперацияси ва қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Биз олдимизга аниқ ва амбицияли мақсад қўйганмиз — икки томонлама фармацевтика савдосини 500 миллион АҚШ долларига етказиш.
Бунинг учун қўшма оператив ишчи гуруҳ ташкил этиш, Афғонистонда GDP (Good Distribution Practice) стандартларини жорий этиш ва йирик дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
Форум амалий натижаларга бой бўлди. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қатор келишувларга эришилди ва 10 дан зиёд ҳужжатлар имзоланди.
Бу ҳужжатлар келгусидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий асос яратади.
Энг асосий натижа — барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тизимини шакллантириш. Йирик афғон дистрибьюторлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиши етказиб бериш занжирини қисқартириб, дори воситалари нархини арзонлаштиради.
Бу эса, ўз навбатида, аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлашга хизмат қилади.
Қобулда ўтказилган бизнес-форум ва олиб борилган музокаралар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу жараён нафақат савдо ҳажмини ошириш, балки бутун минтақада фармацевтика таъминоти барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА