Фармацевтика: Афғонистон делегациясининг ташрифи – ҳамкорлик йўлидаги яна бир қадам
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўшни Афғонистон билан савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида икки давлат ўртасидаги алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг муҳим бўғини ҳисобланган фармацевтика тармоғида ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бу борадаги тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 12-15 май кунлари Афғонистон Ислом Республикаси соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, етакчи фармацевтика импортёрлари ҳамда ишбилармон доираларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи амалга оширилмоқда.
Мазкур ташриф нафақат икки томонлама савдо айланмасини ошириш, балки минтақада дори воситалари хавфсизлиги ва таъминоти барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мулоқотлар пойдевори Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегациясининг Афғонистоннинг Қобул ва Мозори Шариф шаҳарларига амалга оширган хизмат сафари давомида қўйилган эди. Ўшанда ўтказилган музокаралар натижасида дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва доимий ҳамкорлик механизмини яратиш бўйича келишувларга эришилганди.
Бугун, 13 май куни “Tashkent Pharma Park” инновацион фармацевтика кластери ҳудудида ташкил этилган Ўзбекистон – Афғонистон бизнес-форуми ҳамда B2B ва B2G форматидаги учрашувлар ана шу келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди. Форум давомида томонлар нафақат тайёр маҳсулот экспорти, балки қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳада илмий-технологик алмашинувни йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларининг Афғонистон бозорига кириб бориши учун кенг имкониятлар мавжуд. Ташриф доирасидаги музокараларнинг марказий мавзуси ҳам айнан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан тайёрланаётган сифатли ва ҳамёнбоп дори воситаларини қўшни давлат бозорида кенг жорий этишдан иборат бўлди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, янги экспорт шартномаларининг имзоланишига замин яратмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика хабига айланиш борасидаги стратегик мақсадларига тўла мос келади.
Афғонистон делегациясининг ушбу ташрифи ва ўтказилган бизнес-форум икки давлат ўртасидаги иқтисодий дипломатиянинг юксак намунасидир. Эришилган келишувлар ва имзоланиши кутилаётган янги шартномалар яқин келажакда фармацевтика маҳсулотлари айланмасини бир неча баробарга оширишга, экспорт географиясини кенгайтиришга ва энг муҳими, икки халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу каби амалий мулоқотлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини янги, янада юқори марраларга олиб чиқиши шубҳасиз.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА