Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлашга доимиий эътибор қаратилмоқда.
Бунинг самарасида улар орасида Паралимпия ва Параосиё ўйинлари, дунё ҳамда қитъа биринчилигида юрт шарафини улуғлаётган иқтидорлар камол топмоқда. Ана шунадай улкан муваффақиятлар бардавом бўлиши, мамлакатимизда спорт ва паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш мақсадида Президентимиз 2025 йилнинг 8 июль куни “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги олимпия ва XVIII паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорини имзолади.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, юртимизда спорт ва соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, паралимпия ҳаракати ҳамда имконияти чекланган инсонларни спортга жалб этиш, пара спорт соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар юзасидан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев билан суҳбатлашдик.
–Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим пойдевори – бу ишонч. Бу халқнинг давлатга, ислоҳотларга ва келажакка бўлган ишончи. Ишонч инсонга катта куч, руҳ ва интилиш беради. Шу боис халқ ишончига муносиб бўлиш осон эмас. Бугунги ислоҳотлар марказида айнан шу туйғу – инсонни қадрлаш, унинг имкониятларини очиб бериш турибди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар эса “Инсон қадри учун” деган шоирга асосан старт олди. Бу ўзгаришлар қисқа вақтда самара бера бошлади. Шу боис бугун халқимиз қалбида эртанги кунга бўлган комил ишонч пайдо бўлди.
– Яқинда Президентимиз спортга оид муҳим қарорни имзолади. Бу қарорнинг аҳамияти нимада?
–Президентимизнинг шу йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги олимпия ва XVIII паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги тарихий қарори ана шу ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.

Ушбу қарор том маънода спортчиларга катта имкониятлар эшигини очмоқда. Жумладан, қарорда олимпия ва паралимпия спорт турларини уларнинг амалдаги натижаларига кўра тоифаларга ажратиб, қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни белгилаш кўрсатилган. Бунда ушбу спорт турлари дифференциал ёндашув асосида ривожлантирилади.
Шунинг ўзиёқ Янги Ўзбекистонда инсонларга ўз имкониятини тўғри баҳолашга шароит яратиш орқали адолатли тизим ишлаётганини кўрсатади. Чунки, дифференциал ёндашув спорт турига, унинг ҳолати ва истиқболига қараб алоҳида ишлаш, дегани. Яъни, ўтган йилларда ҳар бир спорт турида кўрсатилган натижаларга қараб устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга бўлинади. Бундай тоифалаш спорт турларига индивидуал ёндашиб, уни янада ривожлантириш учун чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қўл келади. Қолаверса, ўша чора-тадбирларни амалга оширишда ҳам ишимизни осонлаштиради.

Масалан, қарорда пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара таэквондо (WT), пара сузиш, пара пауэрлифтинг ва пара ўқ отиш спортнинг устувор турлари сифатида келтирилган. Ушбу спорт турлари билан шуғулланаётган спортчиларимиз катта натижаларни қўлга киритиш имкони кўпроқ. Шу боис улар билан қисқа вақтда катта натижага эришиш устида ишлаймиз. Қарорда ҳам бу алоҳида банд сифатида кўрсатилди. Устувор спорт турларида лицензияларни кўпайтириш ҳамда медаллар учун курашиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, пара каноэда ва пара академик эшкак эшиш, пара велоспорт, аравачада қиличбозлик, пара камондан отиш ва пара стол тенниси спорт турлари истиқболли ҳисобланади. Бу тоифадаги спорт турлари яқин келажакда юқори натижалар келтириш имконига эга. Бу бизга ушбу спорт турларини ривожлантиришда яқин келажакка асосланган режа тузиш талабини қўяди. Яъни, ушбу спорт турлари бўйича лицензияларни қўлга киритиш устида ишлаймиз.

Ривожланаётган спорт турлари – бочча, пара триатлон, пара волейбол, пара бадминтон, кўзи ожизлар учун футбол (5х5) ва голболлардир. Яъни, бу спорт турлари бўйича ҳам юқори самарадорликка эришиш имкони бор. Фақат уларни ривожлантиришда узоқ истиқболга асосланган режалар дастури ишлаб чиқилиши керак бўлади.
– Шу ўринда, ушбу спорт турларини тоифага ажратиб ривожлантириш нима беради?
– Аввало, маблағни йўналтириш, мураббийлар синфини шакллантириш каби ресурсларни самарали тақсимлаш осонлашади. Бу ҳар бир спорт турининг барқарор натижага ўтишига олиб келади. Муҳими, стратегик режа тузиш ҳамда спорт соҳасида илмий асосланган тизимли ислоҳотлар олиб бориш имкониятлари кенгаяди.
Алоҳида тоифаларга ажратиш спортнинг бошқа турларини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади. Шу орқали барчага ўз истеъдодини намоён этишга имконият берилади. Керак бўлса, мактаб ўқувчилари орасидан истеъдодлар сараланиб, келажакда юқори натижалар учун тайёрлаб борилади. Ёш спортчиларнинг захираси янада кенгайтирилади. Бу бизнинг олдимизга саралаш ва селекция тадбирлари учун йўл харитасини тузиш заруратини қўймоқда. Ушбу ишларни самарали ташкил этиш орқали лицензия ва медалларни қўлга киритишда жуда катта натижаларга эришиш кутиляпти.
Хусусан, ҳудудларда иқтидорли ва истиқболли пара спортчиларни саралаш ва селекция ишларини янги босқичга олиб чиқиш зарур. Жойларда бундай истеъдодларни излаб топишнинг ҳам ўзига хос чора-тадбирлари белгиланган. Масалан, Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раҳбарлик қиладиган ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.
Президентимизнинг 2024 йил 28 майдаги “Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилган эди. Спорт академиясида илк бор 2025-2026 ўқув йили учун талабалар қабул қилинади. Ушбу ўқув йилида Спорт академиясига паралимпия йўналиши бўйича 20 та жой ажратилган. Мазкур ўринлар айнан ҳудудлардаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчилари орасидан саралаб олинади.
Кейинги босқичда ёшларнинг истеъдодини кўрсатиб беришимиз шарт. Бунинг учун сараланган спортчиларни миллий терма жамоаларга киритиш, уларни доимий ҳамда узлуксиз маҳаллий, халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштирокини таъминлаш керак бўлади.

– Ўқув-машғулот жараёнлари қандай ташкил қилинади?
– Спортчилар яхши билади: мазкур жараён ишларни комплекс ташкил этиш заруратини қўяди. Яъни, ўқув-машғулот йиғинларида спортчиларни тайёрлаш жараёнида илғор ва натижадор методикалардан фойдаланиш зарур. Қолаверса, шу жараёнда ҳар бир спортчига алоҳида ёндашув керак бўлади. Уларга психологик хизмат, тиббий-биологик, фармакологик ва витаминизация ишларини амалга ошириш, машғулотдан кейинги қайта тиклаш жараёнининг доимий тизимини ташкил этиш керак. Қолаверса, нуфузли халқаро мусобақаларда спортчиларимизнинг маҳоратини доимий ошириб бориш лозим.

– Пара спортчилар имконияти қандай баҳоланади?
– Пара спортчилар имкониятини тўғри баҳолаш учун уларнинг касаллиги ёки нуқсонига қараб таснифлаш (классификация) ишлари маҳаллий даражада сифатли бўлиши керак. Буни юқори сифатга олиб чиқиш учун халқаро тоифадаги ёки сертификатга эга бўлган классификатор-мутахассисларни тайёрлаш, доим уларнинг малакасини ошириб боришга жиддий эътибор берилади. Бу ҳам пара спортчиларга тенг имконият яратиш орқали ўзини кўрсата олишида қўл келади. Мазкур қарор билан спортнинг янги даври бошланиб, спортчилар учун кенг имкониятлар эшиги очиляпти. Юқори натижага эришган спортчи, тренер ва бошқа мутахассислар рағбатлантириб борилиши ҳам қувонарли янгилик.
– Халқаро алоқалар қандай йўлга қўйилган?
– Хозирги кунда техник тараққиёт сабаб халқаро тажрибани ўрганиш осонлашди. Шу боис бундай тажриба алмашиш биз учун янада осонлашди. Мазкур қарорда ҳам халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва улар фаолиятида Ўзбекистон спорт ҳамжамияти вакиллари иштирокини кенгайтириш вазифаси қўйилган.
Ўтган ярим йил мобайнида Халқаро кўзи ожизлар спорт федерацияси (IBSA), Бутунжаҳон пара енгил атлетика федерацияси, Польша, Эрон, Корея Республикаси, Беларусь паралимпия қўмиталари, Санкт-Петербург шаҳрида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Россия Федерацияси П.Ф.Лесгафт номидаги Миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети делегациялари билан учрашиб, ҳамкорлик ўрнатдик. Бундан ташқари, Халқаро паралимпия ва Осиё паралимпия қўмиталари билан комплекс мусобақалар ҳамда турли хил масалалар юзасидан доимий иш режимида ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Шу каби тизимли ишлар 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XVIII Паралимпия ўйинларида ватанимиз спортчилари янада юқори марраларни забт этишига қаратилган.

– Лос-Анжелес Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
–Қарор билан спортчиларни Лос-Анжелес Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури ҳам қабул қилинди.
Дастурда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш назарда тутилган. Биз доим Спорт вазирлиги, Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб катта ютуқларга эришиб келяпмиз. Ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни биргаликда юқори савияда бажаришга киришилди.

Шу ўринда, ниҳоятда муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истардим. Яъни, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаси шунчаки спорт беллашуви эмас. У орзуларга эришишда меҳнатга яраша муносиб баҳо, ёш спортчиларнинг келажакка йўлланмасидир. Чунки, мусобақанинг республика босқичида ғолиб бўлганлар бевосита миллий терма жамоаларимизнинг захирасига олинади.
Мусобақада биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритганлар Республика паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига, учинчи ўрин эгалари эса унинг ҳудудий бўлимларига қабул қилинади. Марказда ўқиш жараёни 2 та босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 8 — 11-синфлар учун олимпия ва паралимпия мактаби, иккинчи босқичда 1-2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежи фаолият кўрсатади.

Қолаверса, паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига терма жамоалар спортчиларини илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида тайёрлашга ҳам алоҳида аҳамият бериляпти. Бунинг учун зарур бўлса чет эллик спорт мутахассислари жалб этиб борилади.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Пара спортчини тайёрлаш, уни натижадор чўққига олиб чиқиш учун жуда катта меҳнат, сабр-тоқат керак. Бу тренердан катта маҳорат ва гўзал инсоний фазилатларни талаб этади. Шу нуқтаи назардан тренерларнинг юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлашдаги хизматлари учун рағбатлантириш тизими такомиллаштирилаётгани янада қувонарли. Яъни, паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда олий спорт ва спорт турлари бўйича маҳорат мактабларига қабул қилинган ўқувчи-спортчи қўлга киритган натижалари учун белгиланадиган устаманинг 10 фоизини спорт мактабида тайёрлаган тренерга тўлаш тартиби жорий этиляпти.
Қарордаги муҳим жиҳатлардан бири “Олимпия шаҳарчаси”нинг Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига беғараз бириктирилгани бўлди. Энди ушбу спорт иншоотларида тадбирлардан бўш вақтларда бемалол пара спорт мусобақаларини ўтказишимиз мумкин бўлади.
Биз кўзлаган маррани забт этиш йўлида давлатимиз раҳбарининг “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги олимпия ва XVIII паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори тарихий аҳамиятга эга. Ушбу қарор ва унда кўрсатиб ўтилган вазифалар ижтимоий давлат мақомини олган мамлакатимизда халқни рози қилиш, барчага тенг ва адолатли шароит яратишдаги муҳим қадам. Айни пайтда Янги Ўзбекистонни бунёд этишдаги янги давр бошланганини кўрсатиб берадиган муҳим ҳужжатдир.
ЎзА мухбири Жавоҳир Тошхўжаев суҳбатлашди.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (сурат)