"Бугунги кунда имконияти чекланган юртдошларимиз эришаётган улкан ютуқлар – мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўрсатилаётган алоҳида эътибор самарасидир", – деди Адаптив спорт турлари ассоциацияси ижрочи директори Анвар Мурсакулов ЎзА мухбири билан суҳбатда.
Жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланишига қаратилаётган доимий эътибор туфайли спортчиларимиз куч ва салоҳиятда ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаб келётир.
Жорий йилги "Беш ташаббус паралимпиядаcи", шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 ноябрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган муҳим вазифалар ва адаптив спорт турлари бўйича яратилган яхлит ягона тизим ҳақида Адаптив спорт турлари ассоциацияси ижрочи директори Анвар Мурсакулов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Юртимизда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар, айниқса ёшлар учун спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда яратилаётган шарт-шароитлар нафақат спорт соҳасининг ривожланишига, балки инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилмоқда.

Фуқаронинг тинч, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини бош мақсад этган жамиятда барқарор тараққиёт, ижтимоий юксалиш ва кучли давлат қурилиши учун замин яратилади. Ҳар бир инсон, жумладан имконияти чекланган фуқаролар ҳам Ватан равнақи, унинг нуфузини ошириш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Бугунги кунда мамлакатимизда паралимпия ҳаракати тобора оммалашиб бормоқда. Айниқса, олис ҳудудлардаги имконияти чекланган фуқароларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган имкониятлар уларнинг орасида янги чемпионларнинг етишиб чиқишига хизмат қилмоқда.
2024 йил 8 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ногиронлиги бўлган инсонларнинг жисмоний ва руҳий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларни спорт орқали жамиятга янада яқинлаштириш ва ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Мазкур қарор доирасида Паралимпия, Сурдолимпия, Махсус Олимпия ҳаракатлари ҳамда кўзи ожизлар спортини мувофиқлаштирувчи ягона ва яхлит тизим яратилди. Шунингдек, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилди. Бу ташаббус нафақат спорт инфратузилмасини ривожлантириш, балки жамиятда маънавий-ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, инклюзивликни кучайтириш йўлида ҳам катта аҳамиятга эга.
Айнан шу тарихий қадамлар туфайли бугун ногиронлиги бўлган инсонлар жамиятда тенг ҳуқуқли, фаол ва муносиб ўрин эгаллашлари учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Ўтган йилнинг 15 декабрь санасидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишини рағбатлантириш мақсадида "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази орқали уларга спорт йўналишида йўлланмалар бериш тартиби жорий этилди. Бу янгилик натижасида мунтазам спорт билан шуғулланувчилар сони 66 фоизга ошди ва ҳозирги кунга келиб, спорт таълим муассасаларида шуғулланувчилар сони 11 минг 533 нафарга етди.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги 90 та алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва 29 та "Мурувват" интернат уйларида фаолият юритаётган даволовчи жисмоний тарбия ва спорт йўриқчилари адаптив спорт турлари бўйича махсус малака ошириш курсларига жалб этилди.
Бугунги кунда ушбу ихтисослаштирилган таълим муассасаларида 256 та адаптив спорт гуруҳлари ташкил этилиб, уларга 2 минг 375 нафар ўқувчи қамраб олинган. Бу эса ногиронлиги бўлган болаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларнинг соғлиғини тиклаш ва ижтимоий интеграциясини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мураббийлар малакасини ошириш ҳам долзарб масалалардан бири сифатида эътиборга олинган. Шу мақсадда Паралимпия қўмитаси ҳузуридаги Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтига асосланиб, жорий йилдан Адаптив спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва мураббийлар малакасини ошириш институти фаолият бошлади.

Мазкур институт томонидан 2025 йилнинг февраль-апрель ойларида 362 нафар мураббий адаптив спорт турлари бўйича ташкил этилган ўқув курсларида иштирок этди. 2025 йил 1 май ҳолатига кўра, 22 та адаптив спорт тури бўйича "ERP sport" ягона электрон бошқарув тизимида рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган мураббийлар сони 1091 нафарга етди.
Оммавий спортни кенг оммалаштириш, хусусан "Беш ташаббус паралимпиядаси" мусобақаларида иштирок этувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бу жараёнда нафақат Паралимпия, балки Сурдолимпия, Махсус Олимпия ва кўзи ожизлар спорт турларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳими, эндиликда ёш тоифалари бўйича қўйилган чекловлар бекор қилиниб, 18 ёшдан катта шахсларнинг ҳам ушбу мусобақаларда иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг спорт мусобақаларида иштирокини соддалаштириш мақсадида 5tashabbus.uz платформаси Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг электрон хизматлар базаси билан интеграция қилинди. Бу орқали тарихда илк бор, ҳудудларда олиб борилган кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида 78 минг 771 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро мазкур спорт мусобақаларида иштирок этиш истагини билдирган ҳолда электрон ариза топширди.
Апрель ойи эса юртимизда "Ирода ва матонат ойлиги" деб эълон қилиниб, ногиронлиги бўлган инсонларга ўз иродаси, бардоши ва салоҳиятини намоён этиш, спорт орқали юксак марраларга эришиш учун муҳим имкониятлар яратилди. Ушбу ой доирасида, 15 апрель куни "Беш ташаббус паралимпиядаси" спорт мусобақалари расман старт олди. Туман ва шаҳар босқичлари 30 апрелга қадар давом этди. Унда 71 минг 892 нафар ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этди, бу эса рўйхатдан ўтганларнинг 91 фоизини ташкил этди.

Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида жисмоний фаолликни ошириш мақсадида "Инсон учун" инклюзив югуриш марафонлари ташкил этиш тизими йўлга қўйилди. Бугунга қадар мамлакатимизнинг 8 ҳудудида ўтказилган ушбу марафонларда 3 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган фуқаролар иштирок этди. Ғолиб ва совриндорлар ногиронлик тоифалари бўйича аниқланиб, уларга пул мукофотлари топширилди.
Қабул қилинган қарорга асосан, 2025 йилдан бошлаб ҳар йили май ойининг биринчи якшанбасида республиканинг барча ҳудудларида "Инсон учун" шиори остида адаптив спорт турлари бўйича фестиваллар ҳамда хайрия марафонларини ўтказиш анъанага айлантирилади.
Чора-тадбирлар режаси доирасида жорий йилнинг 4 май куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маданият ва истироҳат боғларида "Инсон учун" шиори остида кенг қамровли инклюзив спорт тадбирлари ташкил этилиши белгиланган.
Жорий йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида оммавий спорт тадбирлари сони икки баробарга оширилиши режалаштирилган. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва танлаб олиш (селекция) орқали спорт таълим муассасаларидаги адаптив спорт гуруҳларига бўлган қамров янада кенгайтирилади.

Бугунги кунда адаптив спорт турлари бўйича махсус малака ошириш курсларида қатнашиб, сертификат олган 300 га яқин мураббий томонидан спорт мактабларида янги адаптив спорт гуруҳлари ташкил этилиши белгиланган.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Талабалар спорти ассоциацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида олий таълим муассасаларида адаптив спорт гуруҳлари йўлга қўйилади. Бу орқали 10 мингга яқин ногиронлиги бўлган талабанинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилади.
Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси ташаббуси билан май ойи "Адаптив спорт самарадорлиги ойлиги" деб эълон қилинди. Ушбу ойлик доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни спорт машғулотларига фаол жалб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда ижтимоий адаптация ва реабилитациясини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Мазкур ташаббус доирасида республика бўйлаб 254 та спорт мактабида қўшимча адаптив спорт гуруҳлари ташкил этилади. Шунингдек, 94 та олий таълим муассасасида ҳам янги адаптив спорт гуруҳлари фаолиятини бошлайди.
Жавоҳир Тошхўжаев суҳбатлашди.