
Бугун Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шу йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ва ташаббуслардан келиб чиқиб, партия ва унинг фракцияси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
— Юртимизда коррупция иллатига қарши курашиш, унинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш масаласи умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова. — Коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинди, парламент ва ҳукумат даражасида алоҳида тузилмалар ташкил этилди. Шу билан бирга, бюрократиянинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларида электрон тизимларни жорий этиш орқали коррупцион омилларни бартараф этиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида соҳадаги камчиликлар қайд этилиб, келгусидаги янада аниқ ва устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар эса партия ва фракциямиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Партия ташкилотларимиз ва депутатлик бирлашмаларимиз коррупция иллатига қарши курашишда жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчиллик билан амалга оширишлари, соҳа ва тармоқлар ичига кириб боришлари лозим, — деди фракция раҳбари.

Йиғилишда сўзга чиққанлар коррупция барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир кўрсатишини, давлат ва жамият равнақига тўсиқ бўлишини алоҳида таъкидладилар. Шу боис ҳам унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилиб, бир қатор таклифлар билдирилди.

Партиянинг бу борадаги фаолиятини янада жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан партия раҳбарияти жорий йилнинг апрель ойини “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилишни таклиф этди. Мазкур ойлик доирасида партия ташаббуси билан қонун ижодкорлигида коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жазони кучайтириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва инсон омилини қисқартиришга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида партия Сайловолди дастурида кўзда тутилган соғлиқни сақлаш тизимида «Ақлли тиббиёт» тизимининг ҳуқуқий асосларини яратиш, «Электрон поликлиника» ва бошқа рақамли платформаларни жорий этиш, соҳани «коррупциядан холи» соҳага айлантириш, фармацевтика соҳаси ходимлари ва тиббиёт мутахассислари ўртасидаги яширин келишувлар ҳамда ноқонуний мулоқотларнинг олдини олиш кабиларни амалга ошириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда жамоатчилик билан яқин ва самарали ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди. Шу муносабат билан тадбир давомида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Меморандум имзоланди.
Йиғилиш якунида ўртага ташланган таклифлардан келиб чиқиб, устувор вазифалар белгилаб олинди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА