"Адолат" СДП "Ҳалоллик марафони"ни бошлади: 3 соҳада коррупцияга қарши кураш
2025 йил якунларига оид ҳисоботларга кўра, ўтган йил давомида коррупциявий жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган бўлиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар бўйича 7 минг 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу эса коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Ўзбекистон «Адолат» СДП ташаббуси билан жорий йилнинг 9-20 ноябрь кунлари республикамиз бўйлаб «Ҳалоллик марафони: 3 соҳа – 1 тамойил» кенг қамровли тарғибот акцияси ўтказилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу тадбирларда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, «Адолат» СДПнинг 2024–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида жамиятда ҳалоллик муҳитини қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган 8 та устувор вазифа белгилаб берилган.

Мазкур вазифадан келиб чиқиб ўтказилаётган тадбирлар давомида таълим, соғлиқни сақлаш ва маҳалла тизимларида, шунингдек, ишлаб чиқариш тармоқларида очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ижроси доирасида давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда комплаенс (ички назорат) хизматларининг мустақиллигини таъминлаш, коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш механизмларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тарғибот акцияси юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларда ҳам фуқароларнинг, ҳам идораларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА