“Адолат сайли”
Қарши шаҳрида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий хизматларни фуқароларга янада яқинлаштириш ҳамда очиқ мулоқот майдонини яратиш мақсадида “Адолат сайли” тадбири ташкил этилди.
Адлия сайиллари доирасида ўтказилган тадбирда мингдан ортиқ фуқаро, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, “Адолат сайли”нинг асосий мақсади аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунчиликдаги янгиликларни кенг тарғиб қилиш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат эканини таъкидлади.
Тадбир доирасида ҳуқуқий маслаҳат майдончалари ташкил қилиниб, фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари, нотариат идоралари, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан аҳоли мурожаатлари қабул қилиниб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
– Анчадан буён ота-онамдан қолган мулкни расмийлаштириш масаласида ечим топа олмаётган эдим, – дейди Қарши туманилик Ҳусниддин Хонимқулов. – Тадбир давомида мутахассислардан ушбу масала бўйича батафсил ҳуқуқий маслаҳат олдим. Мерос борасида ҳам кўплаб тушунчаларга эга бўлдим. Бундан жуда миннатдорман.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар ярмаркаси ташкил этилди. Бу эса иштирокчиларда китобхонлик маданиятини ошириш ва ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тадбир давомида аҳолининг ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказиш мақсадида волонтёрлар иштирокида ҳуқуқий викторина ва савол-жавоблар ўтказилди. Фаол иштирокчилар Қашқадарё вилояти адлия бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Адолат сайли” доирасида 10 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлари тантанали равишда эътироф этилди.
Тадбирнинг маданий қисмида Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси санъаткорлари иштирок этиб, куй-қўшиқлар ва саҳна чиқишлари орқали йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Якунда “Адолат сайли”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этган ташкилот ва муассасалар вакилларига Қашқадарё вилояти адлия бошқармасининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидланганидек, “Адолат сайли” ҳуқуқий тарғибот, амалий ёрдам ва очиқ мулоқотни уйғунлаштирган ҳолда аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-30074]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари