Адлия вазирлигида мустақилликнинг 35 йиллиги муносиб нишонланди
Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов тизим ходимларини улуғ айём билан самимий табриклади. Мустақиллик йилларида адлия тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида эришилган натижалар ҳамда бу жараёнда фидокорона меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳиссасига алоҳида тўхталди.

Байрам тадбири давомида давлат мукофотларига сазовор бўлганлар, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган ходимлар, шунингдек, тизимда самарали ва фаол меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди.

Бу эътироф – адлия тизимини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат олдидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб келаётган ходимлар меҳнатига берилган муносиб баҳо.
Н.Абдураимова,
ЎзА