Адлия вазирлиги ташаббус кўрсатди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида “Адлия сайли” тадбирлари ўтказилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшларни адлия идоралари фаолияти билан яқиндан таништириш баробарида “Долзарб 90 кунлик” доирасида мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилди.

Наманган шаҳри адлия бўлими “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари сайлга келган фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Юридик лицей ўқувчи ёшлари эса ҳуқуқий викторинада фаоллик кўрсатди.
Давлат хизматлари маркази ҳамда нотариуслар томонидан сайёр хизматлар кўрсатилиб, ҳуқуқий адабиётлар намойиш қилинди. Шу билан бирга, аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга қаратилган жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш ва электр энергияси соҳасига доир буклет, флаерлар тарқатилди.

Қолаверса, ногиронлиги бўлган шахслар учун “Биз биргамиз”, “Мафтункор ранглар” ижтимоий лойиҳа ва хайрия акциялари ташкил этилиб, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ясалган турли ҳунармандлик буюмлари ҳамда санъат асарлари ярмаркаси уюштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 10 июнидан 31 июлига қадар эълон қилинган “Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари” ҳуқуқий акцияси доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

“Мафтункор ранглар жилоси” шиори остида шаҳар ва туманлардан келган жисмоний имконияти чекланган ўғил-қизлар чизган расмлар танлови ҳамда ҳуқуқий викторина натижалари юзасидан фаол иштирокчилар Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан муносиб равишда тақдирланди. “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акцияси доирасида тўрт нафар фуқарога муддати ўтиб қайд этилган туғилиш гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.