Сирдарё вилояти Адлия бошқармасида Гулистон шаҳридаги Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари учун «Менинг ҳуқуқим» куни ташкил этилди.
"Болалар шаҳарчаси" тарбияланувчилари дастлаб бошқарма фаолияти билан яқиндан танишди, таркибий бўлинмаларда иш жараёнининг боришини кузатди.
Шундан сўнг ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, уларнинг юридик таълим ва юридик соҳага бўлган қизиқишини орттириш мақсадида адлия ходимлари томонидан тақдимотлар ҳам ташкил этилди.
Тадбир мобайнида конституцияга оид савол-жавоблар уюштирилди, тест саволлари орқали тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимлари синовдан ўтказилди.
Адлия ва ёшлар учрашуви таассуротларга бой бўлди. Энг муҳими, «Ким бўлсам экан?» деб ўйлаётган аксар ёшларда ҳуқуқшунос бўлиш истаги туғилди.
Тадбир сўнгида ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Ш.Суяров, ЎзА