Адлия ҳуқуқий акция ўтказди
Гулистон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан “Конституция – келажагимиз кафолати” шиори остида ҳуқуқий акция ўтказилди.



Тадбир жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни янада ошириш, аҳолига ҳуқуқий ахборот, шу жумладан мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳамда референдум тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.




Янгиланаётган Конституция адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам эканлиги таъкидланиб, конституциявий ислоҳотларнинг аҳоли фарорвонлиги ҳамда юрт тараққиётини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Акция доирасида аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида 30 дан ортиқ барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маслаҳат бурчаклари ташкил қилинди. Фуқароларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди. Ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида бадиий ва ҳуқуқий адабиётлар ярмаркаси ташкил этилди.



Кенг қамров касб этган ушбу тадбирда аҳолининг, хусусан, ёшларнинг конституциявий ислоҳотлар бўйича билимлари тест саволлари орқали синовдан ўтказилган бўлса, “Заковат” интеллектуал ўйини ёшларнинг нафақат ҳуқуқий-маърифий билимларини синаш, балки мантиқий фикрлаш даражасини баҳолаш имконини берди.




Вилоятнинг таниқли санъаткорлари, миллий маданият марказлари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди. Тадбир сўнгида ҳамкор ташкилотларга вилоят адлия бошқармасининг совға ва ташаккурномалари топширилди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА