Адлия бошқармасида касаба уюшмалари куни нишонланди
Сирдарё вилоят адлия бошқармасида 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоада соғлом меҳнат муҳитини шакллантиришда касаба уюшмаларининг ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Сирдарё вилоят Кенгаши масъул ходимлари ва бошқарма бошланғич касаба уюшма қўмитаси аъзолари иштирок этишди.

Унда касаба уюшмаларининг меҳнат муносабатларидаги ўрни, ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат жамоаларида соғлом ва дўстона муҳитни шакллантириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Касаба уюшмасининг асосий вазифаси — ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларига эътибор қаратишдан иборат. Ҳар бир ходим ўз меҳнати қадрланишини, ҳуқуқлари ҳимояда эканини ҳис қилиши муҳим. Бунинг учун жамоа ва раҳбарият ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ижтимоий эҳтиёжларини доимо эътиборда тутиш зарур. Бугунги тадбир ҳам касаба уюшмалари фаолиятининг аҳамиятини яна бир бор намоён этиб, жамоада ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Жаҳонгир Шомирзаев.

Шунингдек, бошқарма бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида касаба уюшмаси фаолиятида ташаббускорлиги, фидойилиги ва самарали меҳнати билан ажралиб турган бир гуруҳ ходимлар Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири