Адлия идораларига мурожаат қилаётган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, фуқаро Ш.Ж. 2023 йил октябрь ойидан 2024 йил август ойига қадар ишлаган даври учун тўланмай қолган иш ҳақи тўлаб берилишида амалий ёрдам сўраган.
Аниқланишича, фуқарога 2023 йил октябрь ойидан ҳозирги кунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган тариф коэффициентида иш ҳақи тўлаб келинган.
Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлигининг 2005 йил 31 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Тиббиёт муассасалари раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашда соғлиқни сақлаш муассасаларини турларга ажратиш тартиби тўғрисидаги” низомга кўра, Ш.Ж.га бошқа тариф коэффицентида меҳнатига ҳақ тўланиши лозим эди.
Ўрганиш давомида Ш.Ж.га 2023 йил ноябрь ойидан 2024 йилнинг август ойига қадар жами 25 миллион 614 минг 301 минг сўм кам тўлангани маълум бўлди.
Юқоридагиларга асосан фуқаро манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритилди. Натижада ушбу даъво аризаси қаноатлантирилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Ш.Ж.га етказилган зарар ундириб берилди.
“Faith pride” масъулияти чекланган жамияти раҳбари етказиб берилган маҳсулот учун тўловлар ўз вақтида тўланмаётгани сабабли ушбу маблағларни ундириб беришда амалий ёрдам беришни сўраган.
Ушбу мурожаат ўрганиб чиқилганда, масъулияти чекланган жамияти ва туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 2023 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.
Шартномалар шартларига кўра, жамият озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, жавобгар эса етказиб берилган маҳсулот қийматини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Жавобгар томонидан, ўз навбатида, етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун жами 916 миллион 297 минг 250 сўмлик тўлов амалга оширилиб, қолгани тўлаб берилмаган.
Ваҳоланки, ўзаро тузилган шартноманинг 2.3 - бандида сотиб олувчи товар қабул қилиб олингач, тақдим этилган ҳужжатларга асосан 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда узил-кесил ҳисоб-китобни амалга ошириши белгиланган.
Жавобгар томонидан тасдиқланган жадвалга кўра, жавобгарнинг даъвогардан 183 миллион 631 минг 990 сўмлик қарзи борлиги тасдиқланди.
Фуқаролик кодексининг 324-моддасида қарздор мажбуриятни бажармагани ёки лозим даражада бажармагани туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шартлиги белгиланган.
Ушбу ҳолат юзасидан тадбиркорлик субъекти манфаати бўйича иқтисодий судга даъво аризаси киритилди.
Суд томонидан мазкур низо кўриб чиқилиб, даъво қаноатлантирилди. Поп тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан тадбиркор фойдасига мавжуд қарздорликни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА