Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини йўлга қўйиш, спорт иншоотларини имконияти чекланган шахсларга мослаштириш ва уларга зарур шарт-шароитларни яратиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йили Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилиб, имконсизликдан имкон топишга интилаётган матонат ва ирода соҳиблари учун қизиқишларидан келиб чиқиб турли спорт мусобақалари ташкил этилиши йўлга қўйилди.

Мазкур мусобақаларни ташкил этиш ва спорт турлари бўйича машғулотларни белгиланган тартибда олиб боришда адаптив спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг алоҳида ўрни бор.
Куни кеча Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда ушбу йўналишдаги мавжуд муаммо ва ечимини кутаётган масалалар таҳлил этилди.
Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси ижрочи директори Анвар Мурсакулов, Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Муқим Арзиқулов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори Меҳриддин Миржамолов ҳамда соҳа мутахассислар кун тартибига қўйилган ҳар бир масалани атрофлича муҳокама қилишди.
2025 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида сурдлимпия, махсус олимпия ва кўзи ожизлар спорт турлари бўйича ташкил этиладиган малака ошириш курсларида иштирок этадиган тингловчилар рўйхатини шакллантириш, уларнинг касбий билим даражасини оширишга зарур шарт-шароитларни яратиш борасида фикр юритилди.
Шунингдек, замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш, ўқув дастурларини халқаро тажрибага мослаштириш, адаптив спорт соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш каби йўналишлар бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА