Адаптив спорт учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича янги ёндашув
Адаптив жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими янги босқичга кўтарилмоқда. Жорий йилдан бошлаб соҳа мутахассислари учун амалий машғулотларга асосланган замонавий малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш, уларнинг жисмоний реабилитацияси ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада адаптив жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда мазкур йўналишдаги ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 599-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилган эди.

Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 ноябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур муассаса негизида Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти қайта ташкил этилди.
Мазкур ўзгаришлар соҳадаги кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Агар аввал институт фаолияти асосан паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратилган бўлса, 2025 йилдан бошлаб қамров сезиларли даражада кенгайтирилди. Эндиликда сурдлимпия, кўзи ожизлар спорти, махсус олимпиада ҳаракати ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этадиган бошқа спорт йўналишлари учун ҳам кадрлар тайёрланмоқда.
Жорий йил 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида адаптив спорт соҳасида кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу топшириқлар ижроси доирасида 2026 йил апрель ойидан бошлаб алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида фаолият юритаётган жисмоний тарбия ўқитувчилари учун мутлақо янги шаклдаги малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
Аввалги йилларда ўқув жараёни асосан онлайн шаклда ташкил этилган бўлиб, бу тингловчилар ва мутахассислар ўртасида тўғридан-тўғри тажриба алмашиш имкониятларини чеклаб қўяр эди. Янги тизим эса анъанавий офлайн шаклда ҳамда икки босқичли ўқитиш модели асосида ташкил этилди.

Курслар давомида куннинг биринчи ярмида соҳанинг етакчи мутахассислари, амалиётчи тренерлар ва экспертлар иштирокида амалий семинар-тренинглар, интерактив машғулотлар ҳамда муҳокамалар ўтказилди. Куннинг иккинчи ярмида эса тингловчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлашга қаратилган аудитория машғулотлари ташкил этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, иштирокчилар фақат назарий билимлар бўйича эмас, балки жисмоний тайёргарлик даражасини баҳоловчи спорт синовлари орқали ҳам аттестациядан ўтдилар.
Интенсив ва амалиётга йўналтирилган мазкур ўқув дастурига махсус мактаб-интернатларининг 141 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси жалб қилинди. Уларнинг 132 нафари барча талабларни муваффақиятли бажариб, тегишли малака сертификатларини қўлга киритди.
Соҳадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йил июль ойида адаптив спорт турлари бўйича фаолият юритаётган спорт таълим муассасалари ҳамда махсус мактаб-интернатлар тренерлари учун навбатдаги анъанавий малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, бундай замонавий ва инклюзив ёндашув адаптив спорт соҳасида фаолият юритаётган педагог ва тренерларнинг касбий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу имконияти чекланган болалар ва ёшларнинг спорт орқали ўз иқтидорини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ҳамда соғлом турмуш тарзига кенг жалб этилиши учун мустаҳкам замин яратади.
Улуғбек Абдуллаев,
Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини
қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти бўлим бошлиғи
ЎзА