Адабиёт миллат кўзгуси
"Зомин семинари" 1997 йилдан буён юртимизнинг энг иқтидорли ёш ижодкорларини бир майдонга жамлаб келаётган, уларнинг истеъдодини чархлайдиган ва катта адабиётга йўл очиб берадиган нуфузли ижод мактабидир. Бу даргоҳ минглаб ўғил-қизларга ўз салоҳиятини намоён этиш, устозлардан сабоқ олиш, ижод сирларини англаш ва адабиётнинг бетакрор оламига ошно бўлиш имкониятини яратди. Бугунги кунда "Зомин семинари" нафақат адабий анжуман, балки ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат ва юксак маънавият туйғуларини мустаҳкамлайдиган улкан маърифат масканига айланди.
“Зомин семинари”нинг ташкил этилиши ва йиллар давомида юксак савияда ўтказилишида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор муҳим ўрин тутади. Бу эзгу анъананинг бошланиши Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, илм-фан ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати билан чамбарчас боғлиқ эканини ёш ижодкорлар ҳам фахр билан таъкидлаб ўтди.
Бетакрор табиат бағрида уч кун давом этган “Зомин семинари” истеъдодли ёшлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ҳамда ижод аҳлини бирлаштирган ҳақиқий ижод байрамига айланди. Дилбар учрашувлар, самимий суҳбатлар, қизғин мунозаралар, маҳорат дарслари, адабий семинарлар ва танловлар ҳар бир иштирокчи учун беқиёс тажриба мактаби бўлди. Бу учрашувлар ёшларга нафақат ижодий маҳорат, балки инсоний фазилатлар, устозга ҳурмат ва миллий адабиёт олдидаги масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш имконини берди.
Адабиёт – миллат маънавиятининг кўзгуси. Шу боис, “Зомин семинари”да қатнашган ҳар бир ёш ижодкор адабиётнинг жамият тараққиётидаги ўрни, инсон маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди. Деярли ҳар бир иштирокчининг: «Зомин семинарида қатнашиш энг катта орзуларимдан бири эди», деган самимий эътирофи ушбу анжуманнинг ёшлар қалбида нақадар юксак ўрин эгаллаганини яна бир бор намоён этди.

Мен учун бу йилги семинар, айниқса, унутилмас бўлди. Қувончимнинг асосий сабабларидан бири «Болалар адабиёти» йўналишига бўлган қизиқишнинг сезиларли даражада ортганидир. Агар аввалги йилларда бу шўбада атиги беш-олти нафар иштирокчи қатнашган бўлса, бу йил уларнинг сони ўн саккиз нафарга етди. Бу эса мамлакатимизда болалар адабиётига бўлган қизиқиш ва эътибор тобора ортиб бораётганидан далолатдир.
Бу йилги семинарда жами 136 нафар истеъдодли ёш ижодкор иштирок этди. Улар орасида «Тонг юлдузи» газетасининг ёш мухбирлари, фаол муаллифлари ва газетамизда эълон қилинган танловлар ғолибларининг кўплиги мени жуда қувонтирди. «Ассалому алайкум, устоз! Мен «Тонг юлдузи» газетасининг ёш мухбириман» ёки «Мен «Тонг юлдузи»да эълон қилинган танлов ғолибиман», деган сўзларни катта ҳаяжон билан айтаётган ёшларни кўриб, завқландим. Газетамизнинг кўп йиллик меҳнати ўз самарасини бераётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Бу ҳолат Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродованинг ҳам эътиборини тортди. У киши: «Зомин семинари иштирокчиларининг аксарияти «Тонг юлдузи»нинг мухлислари экан», дея самимий эътироф этдилар. Бу фикр газетанинг ёш ижодкорларни тарбиялашдаги ўрни беқиёс эканини яна бир бор тасдиқлади.
Буни танловлар ғолиблари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси билан ҳамкорликда ўтказилган «Бойликни болаликдан асранг!» танловида мақола йўналишида 1-ўринни эгаллаган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчиси Азизбек Шаймирзаев, айнан шу танловнинг шеърият йўналишида ғолиб бўлган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси Маржона Ёқубовани алоҳида айтиш мумкин. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ўтказилган «Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида» танловининг ғолиби Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчиси Самариддин Қодирий каби ёшлар Зомин семинарининг фаол иштирокчилари бўлгани барчамиз учун фахрлидир.

Шунингдек, Зомин семинари иштирокчиларидан Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби ўқувчиси Муштарий Тошпўлатова, Абдулла Қодирий ижод мактаби ўқувчиси Шаҳзода Орифжонова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Зулҳаё Мингбоева каби иқтидорли ёшларнинг илк ижодий қадамларида «Тонг юлдузи» муҳим ўрин тутгани алоҳида эътирофга лойиқ. Айниқса, Зулҳаё Мингбоеванинг: «Бу ютуқларимда «Тонг юлдузи»нинг улкан ҳиссаси бор», деган самимий сўзлари ҳар бир ижод аҳли учун катта эътирофдир.
Яна бир қувонарли жиҳат, «Тонг юлдузи» газетаси мухбири, истеъдодли ёш шоир Диёр Раҳмоннинг ҳам Зомин семинари иштирокчиси сифатида қатнашганидир.
Бу эса газетанинг нафақат ёшларни тарбиялаётганини, балки уларни катта адабиёт майдонига олиб чиқаётганини кўрсатади. Зомин семинари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Чунки бу анжуман ҳар йили юзлаб ёш қалбларда ижодга меҳр, адабиётга садоқат ва юрт равнақига хизмат қилиш орзусини уйғотади. Ишонамизки, бугун Зомин бағрида илҳом олган ёшлар эртага Янги Ўзбекистон адабиётининг муносиб вакиллари, миллат маънавиятининг фидойиларига айланадилар.
Бундан бир неча йил аввал юртбошимиз томонидан айтилган эзгу тилак бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ: «Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёрида қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!». Бу тилак ҳар бир ёш ижодкорга куч, ғайрат, илҳом ва юксак марралар сари интилиш бағишлайди.
Феруза Сойибжон қизи
«Тонг юлдузи» газетаси бош муҳаррири