Матбуот ва адабиёт фидойиси билан самимий ижодий учрашув ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган «Китоб саҳифаларига кўчган юрак бўронлари» номли ижодий учрашув Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Ашурали Жўраевнинг ҳаёт ва ижод йўлига бағишланди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган «Китоб саҳифаларига кўчган юрак бўронлари» номли ижодий учрашув Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Ашурали Жўраевнинг ҳаёт ва ижод йўлига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда газеталар таҳририяти вакиллари, олимлар, устозлар ва китобхонлар жам бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф ва бошқалар Ашурали Жўраевнинг ижоди ёшлар учун катта ва ибратли мактаб эканини эътироф этдилар.
Ашурали Жўраев миллий адабиётимиз, журналистика соҳаси равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкорлардан саналади. У 1956 йил Навоий вилояти Кармана туманидаги Жалойир қишлоғида туғилган. Ижодкор 1978 йилда Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтини тамомлаган ёш мутахассиснинг кейинги тақдири матбуот, адабиёт ва санъат билан чамбарчас боғланди.
1983 йилдан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида фаолият бошлаган Ашурали Жўраев оддий ходимликдан санъат бўлими мудирлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Кейинчалик Ўзбекистон Президенти девонида консультант, «Муштум» ва «Гулхан» журналларида бош муҳаррир, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлади.
«Тошбақалар пойгаси», «Юрак бўронлари», «Ўқ узган ким?», «Сенга кўнгил берсам», «Дил гавҳари», «Танимадинг-а?», «Саҳифага сиғмаган сатрлар», «Майсалар уйғонган тонг», «Эсар Жайҳун шамоллари», «Юракдаги овоз», «Конверт одам», «Уйғониш замонаси муборак бўлсин», «Виждон қўнғироғи» каби китоблар муаллифнинг турли йиллардаги ижодий изланишлари, ҳаётга ва инсонга муносабатини ўзида мужассам этган.
Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган «Юрак бўронлари» асари эътиборга молик. Асарнинг китобхонлар ва адабиётшунослар эътиборини қозонгани бежиз эмас. «Юрак бўронлари» бугунга қадар уч марта қайта нашр этилди. Адибнинг яна бир муҳим нашри — «Олтин овозлар» тўплами ҳам 2026 йилда китобхонларга тақдим этилди. Унда чорак аср давомида матбуот саҳифаларида чоп этилган очерклар жамланган.
[gallery-32631]
Ашурали Жўраев бугун ҳам фаол ва самарали ижод қилмоқда. Устоз журналист йиллар давомида тўплаган тажрибасини ёш авлодга етказишни ҳам ўз фаолиятининг муҳим қисмига айлантирган.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА