Адабиёт эътибор ва эъзоздан илҳом олади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ ижодкорлар мукофотланди. Улар орасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳам борлиги диққатга сазовордир.
Ёзувчилар уюшмасида Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига муносиб топилган қаламкашларни шарафлашга бағишланган маърифий тадбир ташкил этилди.

— Муҳтарам Президентимиз томонидан адабиёт аҳлига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва эъзоз ижод аҳлининг қалбига чексиз қувонч ҳамда янги илҳом бахш этмоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бу мукофотлар наинки алоҳида ижодкорларнинг меҳнатига, балки бутун ўзбек адабиёти ва миллий маънавиятимизга берилган энг юксак баҳодир. Давлатимиз раҳбарининг қўлларидан юксак унвон ва орденларни қабул қилиб олиш ҳар бир ёзувчи ва шоир учун шараф ҳамда унутилмас тарихий воқеа ҳисобланади. Бугунги Янги Ўзбекистонда сўз санъатига, ижод аҳлининг ижтимоий шароитларини яхшилашга берилаётган эътибор ҳеч бир даврда кузатилмаган даражада юқори нуқтага кўтарилди. Президентимизнинг ушбу ташаббуслари адабиёт аҳли зиммасидаги масъулиятни янада ошириб, халқимиз қалбидан чуқур жой оладиган юксак бадиий асарлар яратишга ундайди.

– Адабиёт яшаса маънавият, маърифат равнақ топади, - деди навоийшунос олим, Алишер Навоий халқаро жамоат фонди директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Олимжон Давлатов. – Ижодкорлар меҳнатини ҳамиша қадрлаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган юртбошимизга ўзимизнинг чексиз миннатдорлигимизни билдирамиз. Адабиёт намояндалари, бундан кейин ҳам Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида бор истеъдод ва ғайратимиз билан хизмат қилаверамиз.
Маърифий тадбирда ёшларни миллий адабиётимиз ва китобхонликка жалб этиш борасидаги янги ғоя ва ташаббуслар, ижодий ғоялар атрофлича муҳокама қилинди.
Назокат Усмонова, ЎзА