Шу кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳамда Фан олимпиадалари маркази томонидан Тошкент шаҳрида Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилаяпти.
Пойтахтимизда мазкур олимпиаданинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 апрелдаги тегишли фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28 май-4 июнь кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи маротаба Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилмоқда.
Халқаро олимпиадани ўтказишдан асосий мақсад буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчиларнинг хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат қилиш муҳитини яратиш, уларнинг кимё фанини чуқур ўрганишга қизиқишларини янада оширишдан иборат.
[gallery-23645]
Мазкур олимпиадада дунёнинг 13 мамлакати — Саудия Aрабистони, Туркия, Озарбайжон, Монголия, Беларусь, Вьетнам, Россия, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат, жами 115 нафар (28 та жамоа) ўқувчи-ёшлар иштирок этади.
Aйтиш керакки, Иккинчи Ренессанс номини олган ўрта асрлар Шарқ мамлакатлари тараққиётига муносиб ҳисса қўшган олим Aбу Райҳон Берунийга бўлган қизиқиш бугун ҳам бутун дунё миқёсида ғоят улкан.
973 йилда Хоразм воҳаси ҳудудида — ҳозирги Ўзбекистоннинг Кат шаҳри (ҳозирги Беруний тумани)да таваллуд топган Aбу Райҳон Берунийнинг астрономия, география, кимё ва математика фанлари ривожида хизматлари беқиёс. Ҳатто “Китоб ал-Жамоҳир фи Маърифат ал-Жавоҳир” асарида моддалар тузилиши, уларнинг ўзаро таъсири, оғирлик ва зичликни ўлчаш бўйича илғор ғоялар билдирган.
Шу маънода ўзбек ёшларининг дунё илм-фан чўққиларини забт этиши ҳамда халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида Aбу Райҳон Беруний каби буюк алломоларнинг ўрни беқиёс эканлигини бугун ҳар бир ёш авлод вакили юракдан ҳис қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида ташкил этилаётган мазкур олимпиада учун тайёрланган синов топшириқларини шакллантиришда халқаро олимпиада стандартларига алоҳида эътибор берилган.
Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати таркибига Туркия, Саудия Арабистони, Россия, Беларусь ва Буюк Британия каби хорижий мамлакатлардан халқаро олимпиадалар соҳасида кўп йиллик тажриба ва юқори салоҳиятга эга эксперт мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистондан академик унвонга эга профессорлар жалб этилди.
Олимпиада 2 турда: 1-тур ёзма иш (назарий) шаклида, 2-тур амалий (лаборатория) иш шаклида ўтказилади.
Олимпиада доирасида ўқувчи-ёшлар учун халқаро мутахассислар иштирокида бир қатор маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар ва меҳмонлар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий ва маданий объектларига саёҳатлар уюштирилиб, ёшлар юртимизнинг маданий ва маърифий мероси билан яқиндан таништирилади.
Мазкур олимпиада кимё фани бўйича жорий йилнинг июль ойида ўтказиладиган Халқаро кимё олимпиадасига навбатдаги тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.
Шуни ҳам айтиш керакки, 2022 йилда юртимиз ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 46 та, 2023 йилда 91 та, 2024 йилда эса 128 та медални қўлга киритган. Эътиборлиси, жорий 2025 йил май ойига қадар жами 132 та медалга сазовор бўлгани бу соҳадаги саъй-ҳаракатларнинг юксак самарасидир.
Н.Усмонова,
Алимурод Мамадаминов(суратлар),
ЎзА мухбири