Давлат байроғи – мустақиллик ва миллий ғурур тимсоли
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда округ қўмондонлиги вакиллари, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари, Нукус давлат педагогика институти талабалари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлари, Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ўқувчи-ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Тадбирда давлат байроғининг қабул қилиниши тарихи, ундаги ранг ва рамзлар мазмуни, миллий давлатчилигимиз ва халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Байроғимиз озодлик ва мустақиллик, халқимиз бирлиги, тинчлик ва бунёдкорлик йўлидаги эзгу интилишлар ифодаси экани таъкидланди.
Ёш авлод қалбида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришда давлат рамзларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш, давлат рамзларига ҳурмат ва эҳтиромни кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-32581]
Тадбирнинг бадиий қисмида ҳарбий оркестр ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талабалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА