Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг ХIV Пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда партия фаолиятига оид ташкилий масала кўрилди. Партия раиси Нарзулло Обломуродов 2021 йил 30 декабрдан буён Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси вазифасида ишлаб келаётганлиги, мазкур лавозимда маъмурий функцияларга оид ишлар юкламасининг кўплиги сабабли ўз аризасига мувофиқ Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди.
Шундан сўнг, партия Марказий кенгаши аъзолари ва ҳудудий партия ташкилотлари томонидан берилган таклифларга асосан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раислигига янги номзод Ҳамзаев Абдушукур Худойқулович кўриб чиқилиб, очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.
Абдушукур Ҳамзаев 1973 йилда Сурхондарё вилояти, Узун туманида туғилган. Маълумоти олий, 1995 йил Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини ҳамда 2013 йил Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, мутахассислиги – олим-агроном. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.
Узоқ йиллар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғуллуниб, илмий-педагогик, раҳбарлик тажрибасига эга. Хусусан, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида кафедра мудири, проректор, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, 5 йилдан ортиқ Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори лавозимларида ишлаган.
2022 йил июнь ойидан буён Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. 17 та қишлоқ хўжалик экин навлари ва 16 та ихтиро патенти муаллифи, унинг 270 дан зиёд илмий ишлари чоп этилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА