Абдуқодир Ҳусановнинг кечаги ўйиндаги ҳаракатлари юқори баҳоланди
Футбол бўйича Англия кубогининг чорак финалидан ўрин олган 3 та учрашув куни кеча ўз якунига етган бўлса, бугун ушбу босқичнинг сўнгги баҳсида “Вест Хэм Юнайтед” ва “Лидс Юнайтед” клублари ўзаро рақобатлашади.
Кечаги баҳсларда "Челси" ўз майдонида "Порт Вэйл" жамоасини 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. “Арсенал” эса сафарда “Саутгемптон”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Биз учун аҳамиятли бўлган "Манчестер Сити" ўз уйида "Ливерпуль"ни қабул қилиб, 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувдаги голларга Эрлинг Холанд уч бора, Антонио Семенью бир мартга муаллифлик қилди.

"Манчестер Сити" ва "Ливерпуль" учрашувида Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Ҳамюртимиз ўйин мобайнида ўзининг юқори тезлиги, маҳорати ва ҳимоядаги ишончли ўйини орқали ажралиб турди. Айниқса, биринчи бўлимда Муҳаммад Салоҳ билан бўлган тўқнашувда ажойиб ҳаракати орқали хавфни бартараф этди.
Абдуқодир Ҳусановнинг бу ҳаракатлари турли хил статистик порталлар томонидан муносиб баҳоланди. Хусусан, "Fotmob" 7.2, "Sofascore" 7.4 ва "Flashscore" эса 7.0 баллга лойиқ кўрди.
Шу тариқа, Челси" , “Саутгемптон” ва "Манчестер Сити" мусобақанинг ярим финалига йўл олди.
Кубокнинг ушбу босқичи 25 апрель куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА