Абдуқодир Ҳусанов майдонга тушган баҳсда «Манчестер Сити» йирик ҳисобда ғалаба қозонди
Англия Премьер-лигасининг иккинчи турида «Манчестер Сити» сафарда «Кристал Пэлас» меҳмони бўлиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа манчестерликлар чемпионатдаги иккинчи учрашувида ҳам зафар қучди.
Учрашувда ҳисоб 17-дақиқада Эрлинг Ҳоланд томонидан очилди. Иккинчи бўлимда «Манчестер Сити» устунликни янада оширди. Райан Шерки 54 ва 59-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол этиб, дублга эришди. 56-дақиқада «Кристал Пэлас» футболчисининг стандарт вазиятдан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Қайтган тўп дарвозабон Жанлуижи Доннаруммага тегиб, дарвозага кирди. Ушбу эпизод автогол сифатида қайд этилди.
Учрашувга нуқтани 84-дақиқада Эрлинг Ҳоланд қўйди. «Манчестер Сити» ҳужумчиси яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасининг 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабасини таъминлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувни «Манчестер Сити»нинг асосий таркибида, ўнг қанот ҳимоячиси сифатида бошлади. У 89-дақиқада майдонни тарк этди. Статистик платформалар ҳам ўзбекистонлик футболчининг ҳаракатларини юқори баҳолади. Жумладан, Flashscore Ҳусановнинг ўйинини 7,0 баллга, Sofascore эса 7,1 баллга баҳолади.
Манчестерликлар Премьер-лиганинг навбатдаги учрашувини 5 сентябрь куни ўз майдонида «Ковентри Сити»га қарши ўтказади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА