Абдуқодир Ҳусанов энг қиммат футболчилар рўйхатида биринчи
Футболчиларнинг трансфер қийматини баҳолаш билан шуғулланувчи «Transfermarkt» портали Англия Премьер-лигасида тўп сураётган МДҲ давлатлари вакиллари орасида энг қиммат футболчилар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер қиймати 50 миллион евро этиб баҳоланган. Шу тариқа, ҳамюртимиз МДҲ давлатлари вакиллари орасида ушбу кўрсаткич бўйича биринчи ўринни эгаллади.
Рейтингда иккинчи поғонадан «Брентфорд» ярим ҳимоячиси, Украина терма жамоаси аъзоси Егор Ярмолюк жой олган. Унинг айни пайтдаги трансфер қиймати 32 миллион еврони ташкил этмоқда. Кучли учликка эса Грузия миллий терма жамоаси дарвозабони, «Ливерпуль» клуби футболчиси Георги Мамардашвили якун ясаган. Унинг трансфер қиймати 28 миллион еврога баҳоланган.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январь ойида Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити»га 40 миллион евро эвазига кўчиб ўтган. Ўзбекистонлик ҳимоячи манчестерликлар сафида ўтган мавсумда Англия кубоги ва Англия Лига кубогида ғолибликни қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Англия Премьер-лигасининг жорий йилги мавсумида «Манчестер Сити» ўтган бешта турда юз фоизлик натижа билан 15 очко тўплаб, жадвалда карвонбошилик қилмоқда. Жамоа навбатдаги учрашувини 11 октябрь куни сафарда «Ливерпуль» клубига қарши ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА