90 ёшда қамоқ: она ўғли учун жазоланди
Жанубий Кореяда 90 ёшли аёл гиёҳванд моддалар савдосидан тушган даромадини яширишда ўғлига ёрдам бергани учун бир йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд хулосасига кўра, у 2020-2022 йиллар оралиғида бир неча марта катта миқдордаги пулни қабул қилиб, бошқа ҳисоб рақамига ўтказган. Умумий миқдор юзлаб миллион вонни ташкил этган.
Иш Инчеон шаҳрида кўриб чиқилди. Судья аёл ўз ҳаракати билан ноқонуний ўзлаштирилган маблағни яширгани, бу ҳолат жиноятни оғирлаштирувчи омил эканини таъкидлади. Табиийки, айбдорнинг ёши ва аввал судланмагани жазо белгилашда инобатга олинди.
Жиноятчи ўғил айни пайт Камбожада ҳибсга олинган ва ҳозир ҳам жазони ўтаяпти. Тергов маълумотига кўра, онаси унинг фаолиятидан хабардор: кампир бир неча бор Камбожага борган, фарзанди ушланганини билган. Айнан шу ҳолат суд томонидан муҳим далил сифатида қабул қилинди.
Жараёнда яна бир шахс – гумонланувчининг қизи ҳам тилга олинган. Жувон ҳам кўп миқдорда пул қабул қилгани учун судга тортилган. Фақат маблағ манбасидан хабардорлиги исботланмагани сабабли у оқланди. Шу тариқа, суд асосий жавобгарликни она зиммасига юклади.
Мусулмон Зиё,
ЎзА