Онасининг гиламларини ўғирлаган ўғри озодликдан маҳрум қилинди!
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан 1974 йилда Қўқон шаҳрида туғилган А.Мадаминовга оид жиноят иши кўриб чиқилди. У муқаддам ўғирлик, фирибгарлик, босқинчилик каби оғир жиноятларни содир этганлиги учун олти марта судланган.
Ёши элликни қоралаб қолган бўлса-да, ҳали ҳам ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, озодлик қадрини ҳис қила олмаган А.Мадаминов яна бир бор ўғирлик жиноятига қўл урди.
Гап шундаки, А.Мадаминов Қўқон шаҳар, «Бодомзор» кўчаси, 88-уйда ўзи билан бирга яшовчи онаси Т.Шаназаровага тегишли 1.750.000 сўмлик уч дона гиламларни ўғирлаб, 800.000 сўмга сотиб юборган.
Ачинарлиси шундаки, А.Мадаминов аввал ҳам онасига тегишли мулкларни ўғирлаб, сотиб юборган ва онасига етказилган моддий зарарни қоплашдан бўйин товлаб, тўрт ой қамоқ жазосини ўтаб чиққан эди.
Бу гал онаси — Т.Шаназарова қизининг уйига кетган вақтда ўғли А.Мадаминов унга тегишли бўлган уч дона гиламларни ўғирлаб олиб чиқиб кетиб, номаълум шахсга сотиб юборгани, ўғли томонидан унга етказилган моддий зарар қопланмагани, шу сабабли ўғлига нисбатан қонуний чора кўришни сўради.
Суд, жиноят ишида тўпланган далилларни текшириб, А.Мадаминовни ўғирлик жиноятини содир этганликда айбли деб топиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони йўқ деб ҳисоблаб, унга нисбатан бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.
Ўғил онага етказилган моддий зарарни қоплашга имконияти бўла туриб, қопламади, она эса ўғилни кечирмади. Хуллас, судда ярашув битими тасдиқлаш имкони бўлмади.
Э.Ҳакимов,
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси