7 ой давом этган муаммо ижобий ҳал этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи фуқаро О.Т. туман марказида жойлашган дўконларнинг биридан Premier телевизорини сотиб олган.
Лекин орадан кўп вақт ўтмай техникада носозликлар юзага келган. Фуқаро дарҳол носоз телевизорни дўконга таъмирлаш учун қайта топширган. Бироқ орадан 7 ой вақт ўтишига қарамай, телевизор эгасига қайтариб берилмаган. Энг ачинарлиси, фуқаро телевизордан фойдаланмаган бўлса-да, унинг кредити учун пул тўлаб келишга мажбур бўлган.
Муаммолардан қийналган фуқаро ёрдам сўраб Амударё тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилган.

Мурожаатни ўз вақтида ўрганиб чиққан Амударё тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси номидан жорий йил 6 октябрда дўкон раҳбарига расмий хат чиқарилган. Хатда истеъмолчи ҳуқуқи бузилаётганлиги қайд этилди ва масалани тез муддатда ижобий ҳал этиш юзасидан расмий огоҳлантириш берилди.
Жамият мутахассисларининг ҳаракати ўз самарасини берди. Жумладан, мурожаат қилинганидан сўнг қисқа муддат ичида фуқаронинг муаммоси тўлиқ ижобий ҳал этилди. Носоз телевизор ўрнига янги ва сифатли телевизор алмаштириб берилди.
Элликқалъа туманида яшовчи фуқаро Г.Аминова Тўрткўл туманида жойлашган дўкондан муддатли тўлов асосида ойлик тўлови 253 минг 500 сўмдан тўланиши лозим бўлган муддати 24 ойга бўлиб тўлаш асосида ҳаво совиткич сотиб олган. Бироқ, у ўрнатилиб, ишга тушириб кўрилганда носоз бўлиб чиққан. Дўкон ходимлари ёрдам бериш ўрнига, сервис ходимларининг тўлов харажатларини (йўл ҳақи ва бошқаларни) фуқаронинг ўзи қоплаши кераклигини айтишган.
Ушбу ҳолат бўйича фуқаро Элликқалъа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Жамият раҳбари ва масъул шахслар томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунининг 13 ва 14-моддалари талаблари тушунтирилди.
Амалий ўрганишлар натижасида носоз кондиционер кўриб чиқилди ва фуқаронинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланиб, нуқсонли товар янгисига алмаштириб берилди.
Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро А.Жуманиязов дўкондан Alif Nasiya орқали 11 миллион сўмга кир ювиш машинаси, чангютгич ва газ плитаси сотиб олган. Бироқ, орадан 5 ой ўтгандан сўнг чанг юткич, 10 ойдан сўнг эса кир ювиш машинаси ишдан чиққан. Шунингдек, ҳужжатларда - оператор хатоси туфайли маиший техникалар ўрнига “цемент” деб ёзилганлиги маълум бўлган.
Муаммо бўйича фуқаро Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Мурожаат зудлик билан мутахассислар томонидан қонун асосида ўрганиб чиқилди.
Жамият ходимларининг аралашуви билан дўкон ўз хатосини тан олиб, фуқаронинг 5,5 миллион сўмлик кир ювиш машинасини янгисига алмаштириб беришди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири