Истеъмолчилар мурожаати ижобий ҳал этилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Харид қилинган қимматбаҳо товар носоз чиққанда ёки истеъмолчи ҳуқуқи бузилганда қаерга мурожаат қилиши керак? Бу саволга Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Э.Оразимбетов мисолида аниқ жавоб топиш мумкин.
Фуқаро Нукус шаҳри, "Жасорат" кўчаси 4/14-уй манзилида ўрнатилган автомат дарвозада камчиликлар борлигини аниқлайди. Бироқ тадбиркор бу камчиликни бартараф этишдан ёки товарни алмаштириб беришдан бош тортади.
Натижада ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг расмий Телеграм боти орқали жамиятга мурожаат қилади. Мурожаат Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбиркорга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддасига мувофиқ талабнома юборилади. Қонунга мувофиқ, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи уни бошқасига алмаштириш ёки тўловни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
Қонуний тушунтиришлар натижасида тадбиркор томонидан истеъмолчининг талаби қаноатлантирилиб, нуқсонли товарнинг сифатига алмаштирилиши таъминланди.
Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Отахон Сапаров июнь ойида "С" дўконидан Volto 65 маркали телевизорни сотиб олган. Бироқ сентябрь ойида телевизорда носозлик юз бериб, сотувчига мурожаат қилганида, уни янгисига алмаштириб бериш рад этилган.

Ушбу масала бўйича Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат келиб тушди.
Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиб, дўкон раҳбарияти билан қонун асосида суҳбат ўтказилди. Натижада, истеъмолчининг талаблари қондирилиб, унга 6 миллион 500 минг сўмлик янги телевизор олиб берилди.
Қўнғирот туманида яшовчи Л.Жуманиязованинг мурожаатига кўра, қизи М.Юсупбаева 2026 йил 21 октябрь куни "D" савдо дўконининг Қўнғирот филиалидан 24 миллион сўмлик iPhone 18 Pro Max телефонини бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган. Бироқ кейин тўлов тўлаш имконияти бўлмаганлиги сабабли шартномани бекор қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ушбу ҳолат Қўнғирот тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, "D" савдо дўконининг масъул мутахассислари билан қонун асосида тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада, дўкон менежери томонидан шартномани бекор қилиш ҳақида ёзма равишда тасдиқнома берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири