7 нафар боксчимиз Мўғулистонда Осиё чемпионлиги учун рингга кўтарилади
Мўғулистонда давом этаётган бокс бўйича Осиё чемпионати жанглари ўзининг энг ҳаяжонли онларига тобора яқинлашмоқда.
Кеча, 7 апрель куни қитъа чемпионатининг сўнгги ярим финал жанглари ўтказилди.
Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар аъзоси қитъа чемпионлиги йўлидаги муросасиз баҳсларда ўз иқтидорини намойиш этди.

Ўтказилган жангларнинг 4 тасида ҳамюртларимиз ғалаба қозониб, финал йўлланмасига эга чиққан бўлса, 2 нафари – Нигина Ўктамова (-57 кг) ва Абдураҳмон Маҳмуджонов (-60) бронза медаллари билан кифояланди.

Ярим финал жангларида қўйидаги натижалар қайд этилди:
-57 кг: Нигина Ўктамова – Жасмин (Ҳиндистон) 2:3
-75 кг: Жавоҳир Абдураҳимов – Акаш (Ҳиндистон) 4:1
-85 кг: Жасурбек Йўлдошев – Локеш (Ҳиндистон) 5:0
-60 кг: Абдураҳмон Маҳмуджонов – Оразбек Ассилкулов (Қозоғистон) 2:3
-80 кг: Фазлиддин Эркинбоев – Минсеонг Ким (Корея Республикаси) рақиб рингга чиқмади.
-90 кг: Ҳалимжон Мамасолиев – Сагиндик Тогамбай (Қозоғистон) 4:1

Ортда қолган ярим финал мусобақалари сарҳисобига биноан терма жамоамизнинг 7 нафар аъзоси - 2 нафар аёл ва 5 нафар боксчи йигитларимиз Осиё чемпионатининг олтин медалларига даъвогарлик қилади.
Ҳиндистон ва Қозоғистон терма жамоалари умумжамоа ҳисобида 8 тадан йўлланмани қўлга киритган бўлса, Ўзбекистон боксчилари 7 та йўлланмага эга чиқди. Хитой ва КХДР 3 та, Япония, Таиланд, Мўғулистон, Иордания, Хитой Тайпейи 2 та, Тожикистон терма жамоаси 1 та йўлланма соҳибига айланди.
Бугун, 8 апрель мусобақа иштирокчилари учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
Қитъа биринчилигида аёллар ўртасидаги жанглар 9 апрель, эркаклар ўртасидаги финаллар эса 10 апрель куни ташкил этилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА