15–22 сентябрь кунлари Тошкент денгизи соҳилида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. U–15 ва U–17 ёш тоифасидаги ўсмир ўғил, қизлар академик эшкак эшиш турида бир-биридан нуфузли спортчилар билан рақобатда ўз маҳоратларини синаб кўрдилар.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Андижон, Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан келган ёш спортчилар совринли ўринлар учун шиддатли баҳс олиб боришди.

Натижаларга кўра, Сирдарё жамоаси бу беллашувда фавқулодда натижа кўрсатди ва 66 та олтин, 20 та кумуш ва 15 та бронза медалини қўлга киритди ҳамда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Аҳамиятли томони шундаки, мусобақада Ширин шаҳар спорт мактаби тарбияланувчилари ҳар бир стартда юксак натижа кўрсатиб, жамоага 19 та олтин ва 7 та кумуш медаль олиб келди. Уларнинг зафарлари истеъдод ва тинимсиз машқларнинг яққол самараси сифатида ёдда қолди.

Мураббийларнинг таъкидлашича, бу юқори натижалар кўп йиллик меҳнат ва тарбиянинг мевасидир. Дарҳақиқат, Сирдарёда академик эшкак эшиш спорти йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Жамоа ғалабаси эса вилоятда спортга, хусусан сув спорти турларига катта эътибор қаратилаётгани ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини англатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбир