Миллий матбуот марказида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси томонидан жорий йилнинг 7 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда қайд этилишича, жорий йилнинг 7 ойи давомида республика бўйича жами 48,2 минг гектар қишлоқ хўжалиги тоифасидаги ер майдонлари тоифаси ўзгартирилди. Жумладан, 18,56 минг гектари саноат фондига, 0,61 минг гектари аҳоли пунктлари ерлари фондига, 2,5 гектари Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар фондига, 1 минг гектари Табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган ерлар фондига, 0,19 гектари Ўрмон фонди ерларига, 27,84 минг гектари Сув фонди ерларига ўтказилди ҳамда белгиланган тартибда ер ҳисоботларига ўзгартиришлар киритилди.
Бугунги кунда жами кўчмас мулк объектлари 8 минг 677 мингтани ташкил этмоқда.
[gallery-24645]
– 2024-2025 йиллар давомида юртимиз бўйлаб 3 минг 878 та маҳалла хатлов режасига киритилган, – дейди Давлат кадастрлари палатаси бўлим бошлиғи Санжар Абдураззоқов. – Шундан айни кунларда 1 минг 766 та маҳалла хатловдан ўтказилди. Хатлов ишларига 4,5 мингдан ортиқ кадастр мутахассислари жалб қилинган. 2025 йил 1 август ҳолатига 534 минг 956 та объект хатловдан ўтказилди. Шундан, 364 минг 130 та ҳужжат УЗКАД дастурига киритилди. 211 минг 548 та объект ҳужжатлари “Эътироф” автоматлаштирилган тизимга ўтказилган. Муҳокамада турган объектлар сони 167 минг 52 тани, эълондагилари 19 минг 466 тани, рад этилганлари 2 минг 751 тани ҳамда мулкка бўлган ҳуқуқлари эътироф этилган объектлар 2 минг 916 тани ташкил қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Давлат кадастрлари палатаси томонидан бугунги кунда аҳолига 17 турдаги кадастр хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Ўтган 7 ой давомида кадастр идоралари томонидан кўрсатилган кадастр хизматлари 2 миллион 886,9 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 145 фоизга ошган. Шундан, Кадастр паспортини шакллантириш учун келган мурожаатлар сони 874,4 мингта бўлиб, ижобий якунланганлари 478,9 минг, жараёндагиси 51,8 мингта, рад этилганлар 343,7 мингтани ташкил этади.
Кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун 1 миллион 119,5 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, ижобий якунланганлари 626,7 мингта, жараёндагиси 70,4 мингта, рад этилганлари 422,4 мингтани ташкил этади. Давлат кадастрлари палатасига 7 ой давомида жами 85,5 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда ижроси тўлиқ таъминланди. Шунингдек, раис ва раис ўринбосарлари ҳамда ҳудудий бошқарма бошлиқлари иштирокида ҳудудларда 165 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди ва қабулдаги мурожаатлар ўрнатилган тартибда ҳал этилди.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.
Ш.Маматуропова, О.Пардаев (сурат), ЎзА