АҚШга ноқонуний бормоқчи бўлганларнинг ушбу давлат чегарасида ушлангани ёки бу борада фуқароларга ёрдам беришини айтиб, уларни чув тушираётганлар ҳақида кунда-кунора хабарлар тарқатилаётган бўлса-да, яна шу қинғир ишга қўл ураётганлар учраётгани таажжубли.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ноқонуний миграциянинг олдини олиш, фирибгарларнинг қонунга хилоф ҳаракатларига чек қўйиш юзасидан ўтказилаётган тезкор тадбирларнинг бирида яна бир “ҳожатбарор”нинг қилмишлари фош бўлди.
Аниқланишича, фуқаро И.С. маҳаллий фуқаро Ш.М.га ўзининг танишлари орқали АҚШ давлатига кириш визаси тайёрлаб бериши ва у ерда яхши иш ўринлари билан таъминлашни ваъда қилиб, бу хизмати эвазига 50 минг АҚШ доллари сўраган.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир чоғида фуқаро И.С. 45 минг 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан И.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири