Кейинги пайтда фуқароларни чет элларга, хусусан, Америка Қўшма Штатларига ноқонуний йўллар билан, Мексика орқали ушбу давлатга ўтказиб юборишни ваъда қилаётган фирибгарлар кўп учрамоқда. Аянчлиси, бундай кимсалар тузоғига тушиб қолаётган юртдошларимиз кам эмас.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлардан бирида яна бир шундай ҳолат қайд этилди.
Яъни, 1996 йилда туғилган, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Й. маҳаллий фуқарони 50 минг АҚШ доллари эвазига “Тошкент-Европа иттифоқи-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилиб, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқаро Н.Т.дан “аванс” сифатида 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Фуқаро Ж.Й.га тегишли автомашина кўздан кечирилганида фуқаро Н.Т.га тегишли хорижга чиқиш паспорти, унинг қизининг ID-картаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳоказолар борлиги аниқланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА