Юртимизда аҳоли учун жамоат транспорти хизматини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифлар белгиланди, автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилди, жамоат транспорти йўналишлари сони 3 минг 660 тага етди. Бу эса аҳолига қулайликлар яратиш баробарида жамоат транспортидан фойдаланиш жозибадорлигини оширмоқда.
Шунингдек, янги ва замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган автомобиль йўлларининг ягона тизими яратилди. Тошкент метрополитенида 2017 йилда кунлик ўртача 168 минг йўловчи, 2023 йилда кунлик ўртача 424 минг йўловчи ташилган бўлса, 2024 йилда кунлик 1 млн. йўловчи ташишга эришилди. 500 га яқин янги жамоат транспорти йўналишлари ташкил этилди.

Шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Аҳоли ва сайёҳларга шаҳарлараро хизмат кўрсатиш учун 98 та йўналиш мавжуд бўлиб, улардан 51 таси Тошкент шаҳрини ҳудудлар билан боғлайди. Мазкур йўналишларда ҳафтасига 868 та автобус қатнови амалга оширилади. Бундан ташқари, Ўзбекистондан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 36 та халқаро автобус йўналиши мунтазам фаолияти йўлга қўйилган. 2025 йилнинг январь-апрель ойлари давомида 225 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган.

Ушбу маълумотлар парламент қуйи палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда Транспорт вазирлигининг “Ташувчилар ва йўловчилар учун қулай шароитлар яратиш чоралари: йўл инфратузилмасини яхшилаш ва шаҳарлараро ҳамда ҳудудлараро ташувлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Эшитувда жамоат транспортини яхшилаш, айниқса, вилоятлар марказлари, туманлараро йўналишлар, қишлоқлардан марказгача бўлган йўналишларда жамоат транспорти тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА