30 ёшдан ошганлар “Беш ташаббус олимпиадаси”да
Жиззах воҳасидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 30 ёшдан юқори фуқаролар ўртасида ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларининг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилиб, ўз ниҳоясига етди.
Икки кун давом этган мусобақада шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ҳаваскор спортчилар ўзаро беллашди. Спортсеварлар шахмат, шашка, мини футбол, волейбол, стритбол, воркоут ҳамда стол тенниси бўйича маҳорат ва имкониятларини синовдан ўтказишди.


Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жам бўлган иштирокчиларнинг қизғин баҳслари мусобақаларнинг рақобатли ва муросасиз руҳда кечишини таъминлади. Беллашувлар аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда маҳаллаларда спорт ҳаракатини янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Мусобақалар якунига бағишланган тантанали тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Усмонов ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муса Анорбоев иштирок этди. Улар мусобақа давомида юқори натижаларга эришган иштирокчиларни қутлаб, бундай спорт тадбирлари аҳоли, айниқса, маҳаллалардаги фуқароларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом ҳаёт тарзини қарор топтириш ва оммавий спортни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг ҳар бир спорт тури бўйича ғолиб ва совриндорларга мусобақа ташкилотчилари томонидан дипломлар, қимматбаҳо совғалар ҳамда мусобақа кубоклари тантанали равишда топширилди.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари