“Беш ташаббус” ғолиблари тақдирланишди
Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш доирасида ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” мамлакат ёшлари ўртасида катта аҳамият касб этаётир. Жиззах вилоятида мазкур олимпиаданинг шаҳар ва туман босқичлари якунига етмоқда.
Хусусан, Мирзачўл туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчи ёшлари ўртасида ўтказилган босқичда ёшлар ўз иқтидори, билими ва салоҳиятини намоён этишди. Беллашувлар якунида фаол иштирок этган, юқори натижага эришган иштирокчилар тантанали равишда тақдирланишди.

Маросимда туман ҳокими, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари, шунингдек болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбарлари ҳамда таълим муассасалари директорлари иштирок этишди. Улар ёшларнинг фаоллигини юқори баҳолаб, ғолиб ва фаол иштирокчиларга фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширишди.

Таъкидлаш жоизки, “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларни ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, янги ғояларни илгари суриш ва ўз қобилиятларини ривожлантиришга ундайди. Шу билан бирга, бу каби тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик, масъулият ва ижодкорлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ўз йўналишлари бўйича ғолибликни қўлга киритган ёш спортчилар вилоят босқичидан ўз иқтидорларини намойиш этадилар.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари