Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, ёшларга кенг имкониятлар яратиб беришдек эзгу ниятлар ётибди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, ўсиб келаётган ёш авлодга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Навоий вилоятида “ёшлар баланси”ни шакллантириш мақсадида мавжуд 330 та маҳаллада хатлов ўтказилиб, 268 минг 238 нафар ёшлар рўйхати шакллантирилди. Уларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўргатиш, бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва манзилли ишлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.
[gallery-24123]
– Вилоятда 3 минг 119 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар корхона ва ташкилот раҳбарларига бириктириб берилиб, айни пайтда 2 минг 240 нафардан ортиқ ёшнинг бандлиги таъминланган. 1 минг 146 нафар ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож ёш “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 956 нафарига турли ёрдамлар кўрсатилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Баҳромов. – “Ёшлар баланси” асосида 3 минг 119 нафар ишсиз ёш бўйича маҳаллалар кесимида “фуқаробай”, “Ёшлар бандлиги дастурлари” ишлаб чиқилиб, “Бандлик дастури”га киритилди. Бугунги кунда бандлиги таъминланиши белгиланган ёшларнинг 2 минг 240 нафари ишга жойлаштирилган. Вилоятда ёшлар ўртасида хорижий тилларни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ибрат фарзандлари” лойиҳасига жалб этилган ёшлар сони 74 минг нафар бўлиб, шундан 6 минг 346 нафари хорижий тиллардан сертификатларни қўлга киритган. Бундан ташқари, жорий йил давомида халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижага эришган 133 нафар ёшга имтиҳон харажатлари қоплаб берилди.
Бундан ташқари, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида вилоятнинг 315 минг 914 нафар ёшлари “5 ташаббус” электрон платформадан рўйхатдан ўтиб, ўтказилган тадбир ва мусобақаларда иштирок этмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган шашка мусобақасининг республика босқичи А лигада 2 нафар, Б лигада 1 нафар, С лигада 3 нафар навоийлик ёшлар ғолибликни қўлга киритди.
Навоий шаҳридаги Тараққиёт маҳалласи ёшлар етакчиси Жавоҳиржон Актамов иқтидорли ёшлардан бири. У ҳам юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Жорий йилда “Ибрат фарзандлари” лойиҳасининг иловасида “Супер Старт” курсида инглиз тили фанидан махсус сертификатни, халқаро даражадаги COURSERA нинг IBM Data Analytics with Excel and R йўналишида IT сертификатини қўлга киритган. 2025 йил биринчи чорак якуни билан амалга оширилган ишлар юзасидан республика даражасида ТОП-100 ёшлар етакчилари рўйхатига киритилган.
Ёшлар куни муносабати билан Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган тадбирда Жавоҳиржон сингари 15 нафар фаол ва ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ёшлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
– Бугунги кунда юртимизда ёшларимизга ҳар томонлама шароит ва имкониятлар яратилиб, уларнинг истеъдод ва иқтидорларини юзага чиқариш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Жавоҳиржон Актамов. – Маҳалламизда 2025 йил давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлар билан тизимли ишлар олиб борилиши натижасида 10 нафар ёшнинг муаммоси “Ёшлар дафтари”га киритиш орқали ҳал қилинди. Шунингдек, 1-чоракда “Бандлик дастури”га киритиш орқали 10 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.
“Ёшлик кўли” атрофида ташкил этилган байрам концерти эса барчага кўтаринки кайфият улашди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири