Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августдаги «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ташқи аудит фаолиятида масофавий назоратлар ўтказиш, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши содир этилгани хавфи мавжудлигини аниқлашга қаратилган масофавий назорат ўтказиш учун ягона дастурий мажмуа яратиш вазифаси белгиланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини кучайтириш ва масофавий молиявий назоратни кенгайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ҳисоб палатасида «Масофавий назорат» маркази ташкил этилди.
Марказнинг асосий вазифаси этиб, бюджет харажатларининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишини проактив тарзда олдини олиш ва қонунбузилишлар профилактикасини кучайтириш белгиланган.

Мазкур масофафий марказни ташкил этишда қатор вазирлик ва идораларнинг аудитлари таклифлари ҳам инобатга олинган. Унда 28 та вазирлик ва давлат идораларининг 115 турдаги маълумотлари шакллантирилди.
Марказ 3 та йўналишда фаолиятини амалга оширади:
— Ички фаолият назорати;
— Давлат ташкилотларининг ички аудит назорат тизими;
— Ташқи ва ички манбаалар, «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизими.
Марказ киберхавфсизлик талаблари асосида замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. Ишга туширилишининг дастлабки босқичида жойига чиқиб аудиторларни ҳамда давлат идораларининг вақтини олишга сабабчи бўлган 25 хилдаги назорат тадбирларини бевосита замонавий дастурий комплекслар ёрдамида таҳлил қилиш ва қонунбузилишларни олдини олиш имконини берди.
ЎзА