Давлат аудити ва молиявий назорати фаолияти такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
а) халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибалар асосида мамлакатимиз манфаатларига уйғунлашган миллий давлат аудити тизимини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
б) давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни тайёрлаш;
в) давлат аудити йўналишида етук ва малакали кадрларни тайёрлаш.
Ҳисоб палатаси фаолиятининг халқаро стандартларга мувофиқ сифати ва самарадорлигини ошириш, халқаро ташкилотлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш орқали унинг халқаро миқёсдаги мавқеини юксалтириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар 5 йилда камида бир маротаба Ҳисоб палатаси фаолиятини ташқи баҳолашдан ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Ҳисоб палатаси фаолиятини ташқи баҳолашдан ўтказиш:
Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти (INTOSAI) ва бошқа халқаро даражада тан олинган ташкилотлар методологиялари асосида;
келишув доирасида халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг олий аудит органлари томонидан;
мустақил баҳолаш жараёнини ташкил этиш, фаолияти бўйича барча маълумотларни тақдим этиш (бундан давлат сири билан боғлиқ маълумотлар мустасно), натижаларини жамоатчилик учун эълон қилиш шартларида амалга оширилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришдан бошлаб, лойиҳаларни фойдаланишга топширишга қадар барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда йўлга қўйилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб 2030 йил 1 январга қадар эксперимент тариқасида давлат органлари ва ташкилотларида маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан таъсирчан назоратни олиб боришининг қуйидаги тартиби жорий этилади:
а) давлат органлари ва ташкилотларида Ҳисоб палатасининг вакили сифатида бош инспектор фаолияти йўлга қуйилади;
б) бош инспектор лавозимлари Ҳисоб палатасининг тузилмасида мазкур тартиб жорий этилаётган давлат органлари ва ташкилотларининг бир нафар бошқарув штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади;
в) бош инспектор вазифаларни давлат органлари ва ташкилотларида унинг иш юкламаларини инобатга олган ҳолда тасдиқланадиган назорат ишларининг йиллик дастури асосида амалга оширади ҳамда фақатгина Ҳисоб палатасига ҳисобдор бўлади;
г) бош инспектор фаолиятини баҳолаш Ҳисоб палатаси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (КРI) асосида амалга оширилади ва у ҳар чорак якуни бўйича Ҳисоб палатаси раиси ҳузурида ўз фаолияти юзасидан ҳисобот беради;
д) бош инспектор фаолияти бўйича доимий ҳисобот шакллари Ҳисоб палатаси раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Ҳисоб палатаси тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари бюджетлари харажатларининг самарадорлигини назорат қилиш шўъбаси ташкил этилади.
Ҳисоб палатасига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида давлат дастурлари, қонунчилик ва бошқарув жараёнларининг самарадорлиги, қонунийлиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини баҳолашни молиявий, мувофиқлик ва самарадорлик аудитлари доирасида ўтказишга рухсат этилади.
ЎзА