Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 17 январь куни Мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Йиғилишда давлат раҳбари т Президент мактабларидаги муҳит ва методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириш кераклигини таъкидлаганди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган бўлиб, ўтган йиллар давомида бу тизим ўзининг ижобий томонларини кўрсатди.
Шундан келиб чиққан ҳолда республикамиздаги 500 та, шу жумладан, Бухоро вилоятидаги 28 та умумтаълим мактабида ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тартибини тажриба-синов тариқасида жорий этиш белгиланган.
[gallery-15285]
Бухоро шаҳар 12-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 5-11-синфларида ҳам ушбу янги баҳолашнинг тажриба-синов тизими – форматив ва сумматив баҳолаш йўлга қўйилди.
Хўш, сумматив баҳолаш нима дегани?
–Синов маълум даврда ёки маълум боб юзасидан берилган билимларнинг даражасини аниқлашга қаратилган бўлади, –дейди 12-умумтаълим мактаби директори Фируз Қодиров. –Яъни ўқитувчи муайян миқдорда мавзуларни қамраб олган бобни ўқувчига етказиб бергач, ўқувчиларнинг ушбу боб юзасидан олган билимлари аниқланади. Эски баҳолаш тизимида бу назорат иши кўринишида мавжуд бўлган. Анъанавий эски баҳолаш тизимида объективлик энг катта муаммолардан бири бўлиб келган. Бунга сабаб, тизимнинг деярли 90 фоизи инсон омилига асосланган эди. Яъни ўқувчи билимига бериладиган баҳо биргина ўқитувчининг муносабатидан келиб чиқиб белгиланган. Мазкур баҳолаш тизимида эса инсон омилини имкон даражада минималлаштириш кўзда тутилган.
–Мазкур жараёнда мактабда таҳсил олаётган 840 нафар 5-11 синф ўқувчиси 1 ва 2-чорак якуни бўйича ўтказилаётган синовларга қатнашди, –дейди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Маҳтоб Тўлаева. –Ўқувчининг ўқув йили давомида тўплаган баллари ўзлаштириш даражаси 86-100 “5” аъло, 66-85 “4” яхши, 30-65 “3” қониқарли, 0-30 “2” қониқарсиз тақсимот асосида баҳо шаклига ўтказилади.
Ҳар бир мактабга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда вилоятдаги Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказининг методик бўлими ходимлари ажратилган бўлиб, бириктирилган ходимлар ва мактаб ўқувчилари иштирокида қоплар очилди. Жараён якунлангандан сўнг барча саволлар китоби ва жавоблар варақаси қопларга солиниб, муҳрланди. Муҳрланган қоплар марказлашган ҳолда махсус почта орқали вазирликка етказилди. Вазирлик томонидан натижалар автоматик ҳолда текширилади ва натижалар таҳлили мактабларга тақдим этилади. Имтиҳон натижасига кўра, ўзлаштиришда бўшлиққа йўл қўйган ўқувчи ва ўқитиш жараёнида камчиликларга йўл қўйган ўқитувчилар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари